22:08 / 13.12.2021
4879

Коронавирус: Исроилда беморларнинг ярми болалар, ЖССТ бустер дозаларга шошилмасликка чақирди

Исроилда янги касалланиш ҳолатларининг ярмидан кўпи 11 ва ундан кичик ёшдаги болаларга тўғри келмоқда. Буюк Британия соғлиқни вазири мажбурий эмлашни ахлоқий эмас деб атади. ЖССТ эса вакцина барчага етарли бўлиши учун Европа мамлакатларидан бустер дозаларга шошилмасликни сўради.

Исроил: касалланганларнинг ярми – болалар 

Исроилда янги касалланиш ҳолатлари сўнгги олти ҳафтада энг юқори кўрсаткичга етди. Шу билан бирга, касалланишларнинг ярмидан ортиғи болалар улушига тўғри келмоқда.

Исроилда янги касалланиш ҳолатларининг катта қисми болаларга тўғри келмоқда

8 декабрь куни бу мамлакатда 786та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу 25 октябрдан кейинги энг юқори кўрсаткич бўлди. Ўшанда касаллик 929 кишида аниқланганди.

Мамлакатдаги 5 971 нафар касалланганларнинг 14 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил этмоқда. Қолганлар, яъни 38 фоизи – 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар. Уларга ноябрь ойида илк вакцинани қилиш бошланган, бироқ улар ҳам ҳам тўлиқ эмланган деб ҳисобланмайди. Чунки вакцина олинганидан бери етарлича вақт ўтмади.

R коэффициент – коронавирус ташувчисидан вирусни юқтирган одамлар ўртача сони - 1,09гача ўсди. Бу эса юқтириш ҳолатлари ўсаётганини англатади.

Бу рақамлар жорий ҳафтада юз минглаб исроиллик ўқувчилар Ханука байрамидан мактабга қайтганидан кейин кузатилди. Барча мактабгача ёшдаги болалар ва 1-6-синф ўқувчилари синфга экспресс тестнинг манфий натижаси билан келишлари керак эди. Касалликни юқтириш ҳолатлари ортишига қарамай, Исроилда ўлим кўрсаткичи ўсмаяпти. Сўнгги ҳафталарда коронавирус асоратларидан саккиз киши вафот этди.

Касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани муносабати билан бош вазир Нафтали Беннетт эмланмаган исроилликларга нисбатан чекловлар жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

У «Яшил рухсатнома» – олти ойдан камроқ вақт олдин тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномаси бўлмаган одамлар истисно тарзда озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари, бошқа жамоат жойларига бора олмасликларини жорий этишни таклиф этди.

Бундан ташқари, Беннет Бен-Гурион номидаги халқаро аэропортни тўлиқ ёпиш таклифини билдирди. Бироқ ҳукумат аъзолари ушбу чекловларни асоссиз деб аташди.

Чекловларни жорий этиш учун Беннет ана шу қадамлар зарур эканини исботлаши керак. Ана шундан кейингина Олий суд уларни жорий этишни маъқуллаши мумкин.

ЖССТ: бустерларга шошилиш мамлакатлар учун вакциналардан фойдаланиш тенгсизлигини кучайтиради

ЖССТ бой мамлакатлардан худбин бўлмаслик ва учинчи вакцинага шошилмасликни сўради. Чунки айримларда ҳатто биринчи доза ҳам йўқ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти омикрон вариантидан сақланишда тўлиқ эмланганлар учун вакцинанинг бустер дозалари зарур экани ҳали ҳам ноаниқлигича қолаётганини маълум қилди ҳамда бой мамлакатларни вакциналардан фойдаланиш бўйича тенгсизликни оширмаслик учун уларни сарфлашга шошилмасликка чақирди.

«Омикронга боғлиқ вазият қандай бўлишини тушунишга тобора яқинлашганимиз сайин бой мамлакатларда вакциналар ҳаддан ташқари кўп бўлиши, камбағал мамлакатларда эса ҳатто биринчи инъекция ҳам етарли бўлмаслиги хавфи бор», деди ЖССТ вакциналар бўлими бошлиғи Кейт О'Брайен.

У омикрон бўйича дастлабки лаборатор тадқиқотлар эълон қилинганидан кейин изоҳ берди. Тадқиқот натижалари омикрондан илк штаммдагидек даражада ҳимояга эга бўлиш учун Pfizer вакцинасининг икки эмас, учта дозаси зарур эканини кўрсатди.

О'Брайен ЖССТ олинган маълумотларни ўрганаётганини айтди.

«Қўшимча дозалар омикрондан қўшимча ҳимояга эга бўлиш учун ҳақиқатан ҳам аҳамиятга эга бўлиб чиқиши мумкин. Бироқ бу ҳақда гапиришга жуда эрта», деди Кейт О'Брайен. Унинг сўзларига кўра, сўнгги икки ойда дунё вакциналардан фойдаланишдаги адолатсизликни эндигина бартараф эта бошлади. Вакциналарнинг кўпроқ партиялари хавф даражаси юқори гуруҳдаги одамлар ва тиббиёт ходимлари вакцинанинг битта ҳам дозасини олмаган камбағал мамлакатларга жўнатила бошланди.

ЖССТнинг вакциналар бўлими бошлиғи бой мамлакатлар вакцинани фақат ўз фуқаролари учун жамғаришни бошласа, бу пандемияни узайтириши ҳақида огоҳлантирди. 

«Одамлар вакцина олмаган жойда янги штаммлар пайдо бўлади ва бутун дунё бўйлаб тарқалади. Баъзилар уч марта эмланаётганда бошқаларнинг умуман эмланмаслиги эпидемиологик нуқтайи назардан вирус тарқалишини ҳеч қанақасига тўхтата олмайди», дея огоҳлантирди у.

ЕИ: эмланганлик тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатлари

ЕИда эмланганлик тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатлари ҳақида келишишаётган бир пайтда одамлар мажбурий эмлашларга қарши чиқмоқда

Европа иттифоқи мамлакатлари саёҳатлар ва оммавий жойларга бориш учун зарур бўлган эмланганлик тўғрисидаги сертификатларнинг амал қилиш муддатини унификация қилиш ҳақида келишишмоқда.

ЕИнинг ана шу масала билан шуғулланувчи комиссияси барча Европа иттифоқи мамлакатларида амал қиладиган сўнгги эмлаш санасидан бошлаб тўққиз ойлик ягона муддат белгилашни таклиф қилди. ЕИ ҳукуматлари туризм саноати қулашига йўл қўймаслик учун умумий ёндашув зарурлигини бир неча марта таъкидлаган.

Ҳозирда ҳар бир мамлакат эмланганлик тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатини мустақил равишда белгиламоқда. Масалан, Франция ва Кипрда бу сўнгги вакцина олинган вақтдан бошлаб етти ой, Грецияда эса - олти ой.

Агар келишув имзоланса, сертификатларнинг ягона муддати тўғрисидаги қоидалар келаси йилдан амал қила бошлайди.

Буюк Британия: мажбурий эмланиш бўйича баҳслар

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири мажбурий эмланишни ахлоқий эмас деди

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид мажбурий эмланишни ахлоқий эмас деб атади. Шундай қилиб у бош вазир Борис Жонсоннинг мажбурий эмлаш бўйича умуммиллий муҳокамага чақирув ҳақидаги сўзларига изоҳ берди. Чунки унинг фикрича, «коронавирус тарқалишини назорат қилиш учун чекловлардан фойдаланиш чексиз давом эта олмайди».

Шу билан бирга, Борис Жонсон одамларни вакцина олишга мажбурловчи жамиятда яшашни истамаслигини ҳам айтган. «Бироқ агар вакциналар омикронга қарши тура олиши аниқланса, пандемияга қарши курашишнинг ана шундай усулларини муҳокама қилишимизга тўғри келади», деди у.

Сажид Жавид эмланиш инсоннинг шахсий қарори бўлиши кераклиги, одамларни ҳозирда айрим Европа мамлакатларида бўлаётганигидек вакцина олишга мажбурлаш – ахлоқдан эмаслигини айтди.

Австрияда мажбурий эмланиш 2022 йилнинг февралидан жорий этилади. Германияда ана шу масала муҳокама этиляпти. Грецияда эса вакцина олишдан бош тортган 60 ёшдан катта кишилар 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳар ой жаримага тортилади.

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ЕИнинг барча мамлакатларида мажбурий эмланиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилганди.

Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири юқори хавф гуруҳидаги одамлар билан ишлайдиган тиббиёт ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг мажбурий эмланишига қарши эмаслигини маълум қилди.

«Бироқ мендан ялпи мажбурий эмланиш ҳақида сўрасангиз, амалий ва ахлоқий даражада бу иш беради, деб ўйламайман. Чунки эмланиш шахсий қарор бўлиши керак», деди у BBC’га берган интервьюсида.

Top