Сурхондарё вилояти Денов туманида 10-синф ўқувчиси отасининг машинаси билан 1-гуруҳ ногирони бўлган шахсни уриб юборган. Оқибатда у вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 13 декабр куни 4К-588 Денов-Вахшивор автомобил йўлининг Денов тумани Тотувлик маҳалласидан ўтган 1-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Денов тумани Ободон маҳалласида яшовчи, туман ХТБ тасарруфидаги 35-мактабнинг 10-синфи ўқувчиси тунда отасига тегишли бўлган машинани бошқариб кўчага чиққан.
Сўнг қўллари ёрдамида ҳаракатланиб йўлни кесиб ўтаётган 1-гуруҳ ногирони бўлган фуқарони уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган фуқаро вафот этган.