08:45 / 16.12.2021
3732

Жанубий Корея фонди Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун 238 млн доллар ажратди

Сеул шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Корея Эксимбанки президенти Банг Мун Кю билан музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Суҳбат давомида ўзаро муносабатларнинг фаоллиги ҳамда Кореянинг EDCF Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда молиялаштирилаётган ва амалга оширилаётган лойиҳалар сони ўсишининг ижобий динамикаси қайд этилди. 2014-2017 йилларда Эксимбанк билан ҳамкорликда қарийб 180 млн долларлик 4 лойиҳа ҳаётга жорий этилган бўлса, 2018-2020 йилларда 660 млн долларлик 7та лойиҳа амалга оширилди. Банк билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларидир.

Мулоқот давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни тайёрлаш, ўрганиш ва тасдиқлаш жараёнларини тезлаштириш имконини берувчи ўзаро ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон томони мамлакатда янги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун EDCF томонидан имтиёзли молиялаштириш ҳажмини 1 млрд долларгача кўпайтириш юзасидан қабул қилинган қарор учун миннатдорлик билдирди. 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури умумий қиймати 1,2 млрд долларга тенг бўлган 13та лойиҳадан иборат бўлади. Томонлар ушбу лойиҳаларни фаол илгари суриш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олди.

Электротехника, биофармацевтика, металлургия ва кимё саноати соҳаларида янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун янги ташкил этилган EDPF Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Музокаралар якунида томонлар муҳокама этилган соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга содиқликларини билдирди. Қиймати 88,8 млн доллар бўлган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш” лойиҳаси ҳамда 150 млн долларлик “Онкологик клиникасини қуриш” лойиҳаси бўйича қарз шартномалари имзоланди.

Top