22:35 / 17.12.2021
28739

Чилонзор тумани ободонлаштириш ходимлари ҳокимлик олдида тўпланди. Ҳоким улар билан учрашди

Ижтимоий тармоқларда ойлик камайгани ва кечикканидан норози бўлган Чилонзор туман ободонлаштириш бўлими ходимларининг ҳокимликдан норозилиги акс этган видео тарқалди.

Видеода ходимлар ойликларини тўлиқ миқдорда ололмаётгани, ойликлар доимий кечикиши, аванс берилмагани, йўлкирага ёнларидан харажат қилишларидан норозилигини билдирганига гувоҳ бўлиш мумкин.

«Ўзи олдинги ойлигимиздан 300 минг кам чиққан. Аванс йўқ, байрам пули йўқ. Ишлатишни билади, лекин ойликдан дарак йўқ.

Кийим алмаштирадиган хонамиз йўқ. Қаерга борсак, ҳожатхонага киритишмайди. Биздан ҳазар қилишади. Столовойга борсак, бир пиёла чой бермайди», дейди ишчилардан бири.

Ходимлардан яна бири ўтган ойда 400 минг сўм ойлик олганини айтади.

«Шахсан ўзим 400 минг ойлик олдим. Иккита кредитим бор. Рўзғоримга умуман етгани йўқ. Авансимизни тушириб бермади. Кеча идорага телефон қилсак, «Қўлингдан келганини қил» деяпти. Биз қаерга борайлик. Ҳокимдан ёрдам сўраб келдик.

Бола-чақамизга нима едирамиз. Бир-биримиздан пул олиб йўлкира қилиб келяпмиз. Ҳашар деса, борсак, автобуслар бермаса... Автобусда ҳашарга олиб бориб қўяди, қайтишда қандай қилиб кетсанг, кет дейди. Жамоат автобуслари эса чиқармайди. 116-автобусга чиқамиз, одамлар «чиқмаларинг» деб жирканяпти», дейди у.

Шунингдек, у ободонлаштириш ходимларига нисбатан бўлаётган менсимаслик, ҳазар қилиш ҳолатларидан қийналаётганини билдирди.

«Кафеларга кирамиз. Овқатланиб олайлик, десак, овқатланишга ҳам киргизишмайди. Уят бўлса ҳам айтаман, ҳожатхонага кириш ҳам муаммо бўлади. Биз арзимизни кимга айтайлик?! » дея қўшимча қилади ишчи.

«Ноябр ойи совуқ бўлди. Одамлар кўчага чиқишга ҳам эринган бир пайтда биз (иситиш – таҳр.) қозонларни яхшилаб тозаладик. Мана энди ҳалол ойлигимизни оламиз, десак, олдинги ой учун ойликни кесиб ташлади. Бу ой бўлса, умуман, авансимизни ҳам ололмаяпмиз. Қишлоқнинг бир бурчагидан келамиз. Йўлкира қиммат. Бошқа ишхоналарда байрам пуллари берилади. Нега Чилонзор ишчиларининг пешонаси шўр, нимага улар байрам пули, ойликларини вақтида ололмайди?» дейди ишчилардан яна бири.

Чилонзор тумани ҳокимлиги норозиликдан сўнг туман ҳокими Шавкат Мавлонов ходимлар билан шахсан учрашгани, уларнинг ойликлари тушириб берилганини билдирди.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги
Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги

Шунингдек, ходимларни кийиниш хонаси, хизмат автоулови билан таъминлаш, уларга 3-разряд бўйича берилаётган маошни қайта ҳисоблаш, моддий рағбатлантириш, махсус рағбатлантириш фонди ҳисобидан таклифларини ишлаб чиқиш бўйича масъулларга топшириқ берилган.

Top