18:52 / 20.12.2021
17375

Ўзбекистон захира активлари таркибидаги олтиннинг физик ҳажми тахминан 21,7 тоннага камайган

Ўтган ой давомида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 470 млн долларга камайди. Бунга катта миқдорда олтин экспорт қилингани сабаб бўлиши мумкин.

Фото: Bloomberg

Марказий банк маълумотларига кўра, 1 декабрь ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 34,74 млрд долларни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 1 ноябрь ҳолатига кўра 35,21 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 470 млн долларга камайганини кўрсатмоқда.

Ноябрь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми 12,1 млн троя унциядан 11,4 млн троя унцияга (тахминан 21,7 тонна), унинг қиймати эса 21,66 миллиард доллардан 20,44 миллиард долларга камайган. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, ноябрь ойида жаҳон бозоридаги қулай нарх конъюнктурасидан фойдаланиб, катта миқдордаги олтин сотилган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 12,41 млрд доллардан 13,19 млрд долларга ёки 780 млн долларга кўпайган.

2021 йилдаги умумий ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, йил бошидан бери Ўзбекистоннинг расмий захиралари 160 млн долларга камайган (1 январь ҳолатида 34,9 млрд долларни ташкил этган бўлса, 1 декабрь ҳолатида 34,74 млрд доллар). Бунда хорижий валюта захиралари 1,1 млрд долларга пасайган бўлса, қуйма шаклдаги монетар олтин қиймати 230 млн долларга ошган.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.

Top