12:21 / 20.12.2021
5982

Сурхондарёда ноқонуний тонировка билан юрган ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора таклиф қилди

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Термиз шаҳрида машинасини ноқонуний тонировка қилиб олган ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора таклиф қилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 декабрь куни соат 09:30ларда Термиз шаҳрида хизмат олиб бораётган Сурхондарё вилояти ЖХД ЙҲХХ 1-сафарбар гуруҳ инспектори З.Х. Cobalt машинасини тўхтатганда ҳайдовчи машинанинг орқа ён ойналарини тегишли рухсатномасиз қорайтиргани аниқланган.

Инспектор ҳайдовчи Д.Т.га нисбатан МЖтКнинг 126-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштириб, машинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳайдовчи Д.Т. ундан машинани жарима майдонидан чиқариб беришини илтимос қилиб, эвазига 200 доллар беришини айтган. ЙПХ инспектори З.Х. ўзига пора таклиф этган Д.Т.га қонуний чора кўришни сўраб вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.

Мазкур билдиргига асосан, 2021 йил 17 декабрь куни соат 17:50ларда ИИВ ШХББ вилоят бошқармаси ва Термиз шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаро Д.Т. Термиз шаҳар ИИБ ЙҲХХ маъмурий биноси олдида З.Х.га хизмат юзасидан бириктирилган машинага ўтириб 1 миллион 850 минг  сўмни пора тариқасида берган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top