11:59 / 26.12.2021
6654

“Тахтақорача” довонида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

“Тахтақорача” довонида автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довонида ноқулай об-ҳаво шароити сабабли автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда довон йўлидаги музламаларни эритиш учун қум-туз аралашмалари сепилиб, зарурий чоралар кўрилмоқда.

"Ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлишларини, об-ҳаво ва йўл шароитини инобатга олиб, транспорт воситасини бошқаришларини сўраймиз", дейилади хабарда.

Top