09:01 / 01.01.2022
77732

«Менга икки дақиқа вақт беришди». Ашраф Ғани Кобулдан қандай қочгани ҳақида илк марта сўзлаб берди

Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани BBC билан суҳбатда унинг август ойида Кобулдан қочиши мамлакат пойтахтини вайронагарчиликлардан сақлаб қолиш учун зарурат бўлгани ҳақида гапирди.

Фото: Reuters

Ғани BBC Radio 4 радиостанциясининг Today дастури эфирида Афғонистон раҳбари сифатидаги сўнгги дақиқалари ҳақида сўзлаб берди. У дастурда Британия қуруқлик қўшинлари бош штабининг собиқ раҳбари Ник Картер билан биргаликда иштирок этди.

Ғанининг сўзларига кўра, у толиблар Кобулни эгаллаган 15 август кунида бу кун президент лавозимидаги сўнгги куни бўлиши ҳақида «мутлақо тасаввурга эга бўлмаган» ҳолда уйғонган. Ғани уни Афғонистондан Ўзбекистонга, кейин Бирлашган Араб Амирликларига олиб кетган самолёт бортида кетаркан, энди амалдаги президент эмаслигини тушунган.

Собиқ президентни кўп бор ҳал қилувчи паллада Кобулдан қочиб кетгани учун танқидлар ёғдиришди, унинг ўзи эса бу нафақат ўз хавфсизлиги учун, балки шаҳарни сақлаб қолиш учун зарур чора бўлганини айтди.

Унинг айтишича, аввалига «Толибон» тарафдорлари Кобулга кирмасликка рози бўлган, «аммо икки соатдан сўнг бу ваъдадан асар ҳам қолмаган».

«Толибларнинг иккита турли гуруҳи икки тарафдан ҳужум қилди. Улар ўртасида аҳолиси беш миллионлик шаҳарни вайрон қиладиган ва одамлар ҳаётини издан чиқариб юборадиган кенг миқёсли тўқнашув келиб чиқиши хавфи бор эди», деди Ғани.

Ғанининг сўзларига кўра, у Кобулдан турмуш ўртоғи ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси эвакуация қилинишига розилик берган, ўзи эса мудофаа вазирлигига бориш учун автомобилни кутган. Аммо давлат раҳбари учун машина келмаган. Ғанининг айтишича, ҳайдовчи ўрнига президент қўриқчилари бошлиғи «даҳшат ичида» унинг олдига келган ва агар Ғани қаршилик кўрсатишда давом этса, «ҳаммани ўлдиришлари»ни айтган.

«Мен пул олиб кетганим йўқ»

«У менга икки дақиқадан ортиқ вақт бермади. Дастлабки режаларга кўра, мен Ҳостга [мамлакат жануби-шарқидаги йирик шаҳар] учишга тайёрланишим керак эди. Аммо у Ҳост ҳам, Жалолобод ҳам қулаганини айтди. Мен қаерга учаётганимизни билмасдим. Фақат парвоздан кейин Афғонистонни тарк этаётганимиз маълум бўлди. Буларнинг бари жуда кутилмаганда рўй берди», дея ҳикоя қилади собиқ президент.

Толиблар Ғанининг президентлик саройидаги кабинетига киришганида, столда ҳали унинг буюмлари ва китоби ётарди.
Zabi Karimi / AP / Scanpix / LETA

Унинг қочишидан кейин айримлар Ғани ўзи билан катта миқдорда нақд пул олиб кетганини таъкидлашди, аммо собиқ президент бу айбловни рад этди ва бу бўйича халқаро суриштирув ўтказишга чақирди.

«Мамлакатдан ҳеч қандай пул олиб чиқиб кетмаганимни қатъиян таъкидламоқчиман. Менинг қандай яшашимни ҳамма билади. Пулни нима қиламан?» деди Ғани BBC эфирида.  

Ашраф Ғани президентлик даврида хатоларга йўл қўйганини, жумладан «халқаро ҳамжамият сабри адоқсиз бўлишига ишониб» адашганини тан олди. 

Аммо у ўз ҳукумати ағдарилишига Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги толиблар ва АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Доналд Трамп ўртасида тузилган келишув сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

«Тинчлик жараёни ўрнига чекиниш жараёнига дуч келдик. «Толибон» билан келишув бизни Ер юзидан супуриб ташлади», дея қўшимча қилган Ғани.

Таҳлил: воқеалар ривожи бўйича турлича версиялар
Лиз Дюсет, BBC таҳлилчиси

«Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни бир кунда эгалламади. Аммо кўплар айтадики, Ашраф Ғанининг 15 август куни махфий равишда ва кутилмаганда кетиши ҳокимиятни нисбатан тартиб билан топшириш бўйича тайёрланган келишувни йўққа чиқарди.

Толиблар ҳар қандай ҳолатда ҳам мамлакатда вазиятни қўлга олган бўларди. Аммо шу вақтгача «ўлимига қадар туриб бериш»ни ваъда қилиб келган шахснинг қочиб кетиши ҳокимиятда вакуум ҳосил қилди ва хаосни кучайтирди. Лекин уни қочгани учун эмас, кўпроқ сўнгги бир неча йил давомида президентликда деярли ҳеч қандай натижага эриша олмагани учун танқид қилишди.

Тан олиш керак, америкаликлардан унга ёмон карталар тегди. Аммо у бу карталардан ҳам жуда муваффақиятсиз фойдаланди.

Сиёсатчи эмас, профессор деб ҳисобланадиган бу шахсни АҚШдаги сиёсий ҳолатни ҳамда ўз мамлакатидаги вазиятни тўғри баҳолай олмаганликда айблашади. Мамлакат эса жуда тез, ҳатто толиблар кутганидан ҳам эртароқ пароканда бўлиб кетди.

Воқеалар ривожининг Ғани томонидан айтилган талқини ҳали кўп муҳокама қилинади, таҳлил қилинади ва ишончсиз деб рад этилади.

Келишувга кўра, АҚШ Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари сони қисқартирилишига, шунингдек маҳбуслар алмашишга розилик билдирганди. Шундан сўнг толиблар афғон ҳукумати билан музокаралар бошлаши керак эди.

«Мени барчасига балогардон қилишди»

Аммо бу музокаралар ҳеч қандай наф келтирмади ва 2021 йил ёзига келиб АҚШнинг янги президенти Жо Байден барча америкалик ҳарбийларни мамлакатдан олиб чиқишга ваъда берди, толиблар эса бирин-кетин шаҳарларни эгаллашга киришди.

Натижада, Ғанининг сўзларига кўра, «сиёсий келишув эмас, зўравонлик билан давлат тўнтариши» рўй берган. «Ҳеч қандай сиёсий жараён бўлмади», деб ҳисоблайди мамлакатнинг собиқ раҳбари.

Ашраф Ғани Кобулни тарк этган куни Афғонистонда ҳокимият тўлиқ толиблар қўлига ўтди. Мамлакатда кенг кўламли гуманитар ва иқтисодий инқироз бошланди, бунга халқаро донорлар томонидан ёрдам келиши тўхтаб қолиши ҳам сабаб бўлди.

Бу воқеалардан уч ой ўтиб Ғани Кобул қулаши учун айбни зиммасига олишга тайёрлигини, шу билан бирга, у «халқаро ҳамкорлар»га ҳаддан ташқари ишониб қолганини айтмоқда. «Ҳаётимдаги барчаси яксон қилинди. Қадриятларим оёқости қилинди. Мени барчаси учун балогардон қилишди», дея фикрларини якунлаган собиқ президент.

Top