11:23 / 05.01.2022
34674

Урганч туманида 2 оила хавф остида яшамоқда – қурилиш уларнинг уйи остонасигача келган

Ҳокимлик ва тадбиркорнинг ойдинлик киритилмаган ўзаро муносабатларидан аҳоли жабр кўряпти.

Фото: Kun.uz

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Арбоблар маҳалласи, Маърифатчилар кўчаси 17-уйда яшовчи Даврон Сапаев оиласи ва 19-уйда яшовчи Феруза Нурметова оиласи яшаётган хонадонлар қурилиш бошланган хавфли ҳудудга жуда яқин турибди. Улар кўчиб кетишга тайёр, ҳокимлик томонидан ер майдони ҳам ажратилган, бироқ компенсация масаласи ҳал этилмаган.

Ҳокимлик томонидан ер ажратилиши

Ушбу ҳудудда “Xorazm invest xolding” МЧЖ кўпқаватли турар жой биноси қурмоқда. Урганч тумани ҳокимлиги 2017 йилда корхонага шу мақсадда 2500 кв.м. ер майдони ажратган.

Шунингдек, туташ ҳудуддан Шерпажон Салаевага кўпхонадонли уй қуриш учун 850 кв.м. ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган. 2021 йил июль ойида “Xorazm invest xolding” МЧЖ шу ернинг 650 кв.м. майдонини Шерпажон Салаевадан сотиб олган.

Чала қолган келишув битими

2020 йил февраль ойида Урганч тумани ҳокимлиги бузилиш ҳудудига тушган 2 хонадон эгаларига ер ажратиб берган. Жумладан, Даврон Сапаевга ҳар бири 392 кв.м.дан иборат 1,5 та ер участкасини, Феруза Нурметовага ҳар бири 392 кв.м.дан иборат 2 та ер участкасини ажратиб бериш ҳақида келишув битимини расмийлаштирган.

Унинг 4.1-бандида компенсация пул маблағи юзасидан учтомонлама, яъни ҳокимлик, қурувчи тадбиркор ва мулкдор ўртасида қонунчиликда белгиланган тартибда қўшимча битим имзоланиши мажбуриятини Урганч тумани ҳокимлиги ўз зиммасига олган. Бироқ ҳокимлик ўз мажбуриятини шу пайтгача бажармай келмоқда ва учтомонлама келишув битими расмийлаштирилмаган.

Қурилиш ишлари эса шаҳарсозлик меъёрларига зид равишда хонадонларнинг остонасига жуда яқин жойда олиб бориляпти.

Қизил чизиқ билан қурилиш ишлари олиб борилаётган майдон. Яшил чизиқ билан мурожаатчи хонадонлари кўрсатилган

Учтомонлама келишув битими нега имзоланмади?

“Xorazm invest xolding” МЧЖ раҳбари Мақсуд Бобоев компенсация пули тўғрисидаги келишув битимини имзолашдан бош тортмоқда. У билан боғланиб, масала юзасидан изоҳ олишга уриндик. Аммо Бобоев мурожаат нима ҳақида эканини эшитганидан сўнг алоқага чиқмай қўйди.

Бироқ, қўлимиздаги расмий ҳужжатлар ва масъул идораларнинг маълумотномалари асосида хулоса қилиш имкониятимиз бор.

Асосий сабаб – “Xorazm invest xolding” МЧЖ раҳбарияти 2 та хонадон ҳудуди қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудудга кирмайди деб ҳисобламоқда. Шу сабабли келишув битимини имзоламаяпти.

Бу ҳақда Кадастр агентлиги Урганч тумани бўлими шундай маълумот берган: “Xorazm invest xolding” МЧЖга жами 2500 кв.м. ер ажратиб берилган. Аммо Архитектура режалаштириш топшириғида (АПЗ) ер майдони 1500 кв.м. қилиб чегара ҳудуди белгиланган. Даврон Сапаев ва Феруза Нурметова турар жойи эгаллаган қизил чизиқ чегара ичига кирмайди”.

Яъни, корхонага 2500 кв.м. ер майдони ажратилган бўлса-да, Архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) негадир 1500 кв.м. майдон учун чизилган. Қолган 1000 кв.м. ҳудуд қаерда экани номаълум. Оқибатда, чизмадаги қизил ҳудуд (қурилиш олиб бориладиган майдон чегаралари) хонадонлар чегараси билан кесишмайдиган бўлиб қолган.

Архитектура режалаштириш топшириғи (АПЗ) ҳужжати

Эътибор қаратадиган бўлсак, ҳужжатда чизилган ҳудудлар ва объектларнинг ер майдони миқдори аниқ кўрсатилмаган. Қизиғи шундаки, мана шундай чала ва мавҳум тарзда ишланган муҳим ҳужжатни Хоразм вилояти бош архитектори ва Урганч тумани бош архитектори имзолаган.

Хонадон эгаси Даврон Сапаевнинг сўзларига кўра, 2500 кв.м. ер майдони учун АПЗ чизиш ўрнига, уни қисқартириб, 1500 кв.м. ер майдони учун чизилгани қурувчи-тадбиркорнинг компенсация тўлашдан қочиш учун қўллаган ҳийласи бўлиши мумкин.

Урганч тумани ҳокимлиги: Компенсация пулини қурувчи-тадбиркор бериши керак

Урганч тумани ҳокимлиги позициясига кўра, Даврон Сапаев ва Феруза Нурметова оилаларига компенсация пули қурувчи-тадбиркор томонидан тўланиши шарт. Бу ҳақда ер ажратиш тўғрисидаги қарорда ҳам кўрсатилган.

“Xorazm invest xolding” МЧЖга ушбу қарорга илова қилинган чизма тасвирига мувофиқ, Урганч тумани, Қоровул қишлоғи, Арбоблар маҳалласи ҳудудидан биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш жойларидан иборат кўпқаватли, кўпхонадонли турар жой биноси қуриш учун мазкур ҳудуддаги йиқилиш (бузилиш) зонасига тушган аҳоли турар жойларини бузиб олиниши эвазига етказилган зарарни молиявий қоплаш шарти билан жами 2500 кв.м. ер майдони доимий фойдаланишга ажратиб берилсин”, – дейилади ҳокимлик қарорида.

Бундан ташқари, ўша вақтда амалда бўлган тартибга кўра, олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда уй-жой қийматини тўлаш, уйлар (квартиралар) бериш ва вақтинчалик турар жой бериш, шунингдек янги жойга кўчиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари қарорига кўра ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Суд фуқароларнинг қурилиш ишларига қаршилик қилиш ҳуқуқи борлигини тасдиқлади

Даврон Сапаев ва Феруза Нурметова турли инстанцияларга шикоят қилавергач, «Xorazm invest xolding» МЧЖ раҳбари Мақсуд Бобоев уларга қурилиш ишларига қаршилик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво киритди.

2021 йил ноябрь ойида ўтказилган суд маҳкамасида Даврон Сапаев ва Феруза Нурметовага қурилиш ишларига тўсқинлик қилмаслик ҳақида мажбурият юкланди. Аммо 2022 йил февраль ойида фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди ушбу қарорни бекор қилиб,  Даврон Сапаев ва Феруза Нурметовада қурилиш ишларига қаршилик қилиш ҳуқуқи борлигини тасдиқлади.

Хоразм вилояти Қурилиш бош бошқармаси қурувчи-тадбиркор хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини билдирмоқда

Яъни, ер чегаралари аниқ белгиланмагунча унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш қонунан тақиқланган.

“Xorazm invest xolding” МЧЖга жами 2500 кв.м. ер ажратиб берилган. Аммо ер майдонининг чегаралари Урганч тумани қурилиш бўлими, туман ер ресурслари бўлими ва туман уй-жой бўлими томонидан белгиланмаган.

Ер Кодексининг 23-моддасига кўра, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгилангунига ҳамда ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади”, дейилади Қурилиш бош бошқармаси маълумотномасида.

Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ер ажратиш ҳақидаги қарорни бекор қилишни тавсия этмоқда

Хоразм вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси Урганч тумани ҳокимлигидан ер ажратиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш чораларини кўришни сўраган.

“Xorazm invest xolding” МЧЖ зиммасига мазкур ҳудудда йиқилиш (бузилиш) зонасига тушган аҳоли турар жойларини бузиб олиниши эвазига етказилган зарарни молиявий жиҳатдан қоплаб бериш мажбурияти бажарилишини таъминлашни, агар компенсация тўлаш мажбурияти «Xorazm invest xolding» МЧЖ томонидан бажарилмаган тақдирда ер ажратиш ҳақидаги қарорни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритишни сўраймиз”, дейилади Урганч тумани ҳокимлигига киритилган тақдимномада.

Қурилиш ишлари шаҳарсозлик нормаларига зид равишда олиб борилмоқда

Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларидаги (ШНҚ) “Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш” нормативининг 21.1. бандида кўпхонадонли турар жой уйларининг узун томонлари ўртасидаги масофалар 4-5 қаватлилар учун 25-30 метрдан кам бўлмаслиги белгиланган. Қурилиш ишлари эса Даврон Сапаев хонадонидан атиги 4 метр масофада олиб борилмоқда.

Даврон Сапаев ва Феруза Нурметова оиласи компенсация пулини олиб, тезроқ бу ҳудуддан кўчиб кетишни истамоқда. Улар муаммо юзасидан Президент виртуал қабулхонаси ва прокуратурага кўп марта шикоят қилишган. Уй-жойини бир неча маротаба баҳолатишган, бунинг учун катта маблағ сарфлашга мажбур бўлишган. Сўнгги марта уйлар 2021 йил 1 сентябрда, Феруза Нурметова уйи 604,8 млн сўмга, Даврон Сапаев уйи 584,1 млн сўмга баҳоланган.

Мурожаатчиларнинг сўзига кўра, прокуратура, ҳокимлик, қурилиш назорати ташкилотлари ходимлари ҳар сафар келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўрганида қонунбузилиш ҳолати аниқ эканини, уни бартараф қилишда ёрдам беришни ваъда қилишяпти. Қурилиш ишлари бундай олиб борилиши мумкин эмаслигини таъкидлашяпти. Аммо кабинетларига кириб олгач, вазият тескарисига ўзгармоқда. Аҳвол мана шу алфозда бир неча ойлардан бери ўнгланмаяпти.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top