09:58 / 12.01.2022
4074

Карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

“Ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун  ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Фото: Getty Images

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қатор ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузиш – фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Карантин остидаги маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидаларини бузиш – фуқароларга БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга 10 бараваригача (2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилди. 

Унга кўра, фитосанитарияга оид юқори хавфга эга бўлган карантин остидаги маҳсулотни, шу жумладан экиш, пайвандлаш, кўпайтириш учун мўлжалланган экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонда яшовчи фуқароларга почта ва курьерлик жўнатмаларида юбориш, шу жумладан багажда ва қўл юкида олиб ўтиш тақиқланади.

Қонун 3 ой ўтгач кучга киради.

Top