14:46 / 19.01.2022
60033

Ўзбекистон ва Тожикистондаги авиатехникалар толибларга қайтарилмайди – Пентагон

Ўзбекистон ва Тожикистондаги авиатехникалар толибларга қайтарилмайди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Фото: usembassy

«Биз ҳозирча ушбу вертолётларни жойлаштириш масаласини ишлаб чиқяпмиз. Менда улар [вертолётлар] бўйича қандай йўл тутилишига оид янгиланган маълумот йўқ. Лекин, ишонч билан айта оламанки, улар Афғонистонга толиблар фойдаланиши учун қайтарилмайди», - деди Пентагон матбуот котиби Жон Кибри.

Кибри ушбу масала Мудофаа вазирлиги томонидан кўриб чиқиш жараёнида эканини айтган.

«Ҳозирги вақтда АҚШ толибларни Афғонистоннинг расмий ҳукумати дея тан олмаган ва бу Мудофаа вазирлигининг ваколатларига кирмайди», дея қўшимча қилди у.

Кибри Мудофаа вазирлиги миссияси АҚШни ҳимоя қилиш, жумладан Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай террористик хавфлардан ҳимоя қилишдан иборат эканини билдирди.

«Биз у ерда нималар бўлаётганини кузатиб борамиз. Бизда терроризмга қарши кураш бўйича жиддий ва ўта масъулиятли вазифа бор. Биз Афғонистон яна ватанимизга [АҚШга] ҳужум қилиш учун бошпана бўлмаслигини кузатишда давом этамиз», дейди Пентагон вакили.

2021 йил август ойида АҚШ Афғонистонни тарк этгач, кўплаб ҳарбий учувчилар ўз оилаларини олиб ҳарбий техникаларда қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонга чиқиб кетишган эди. Айни вақтга келиб толиблар ушбу ҳарбий авиацияларни қайтармоқчи.

Top