16:29 / 27.01.2022
4334

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди — вазирлик

Ўзбекистонда 27 январь куни соат 16:00 ҳолатига кўра, республикадаги барча ҳудудларда электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакатда Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясидан ташқари барча электр станцияларнинг иш фаолияти тикланган.

«Шу билан бирга, мамлакатимизда газ таъминоти ҳозирча тўлиқ тикланмаганини инобатга олган ҳолда, сиздан сабр-тоқатли бўлишингизни, электр энергияси узилишларининг олдини олиш учун эҳтиёждан ташқари электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўраймиз», — дейилади хабарда.

Шунингдек, республика ҳудудларида табиий газ таъминоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилди (соат 15:00 ҳолатига).

Ҳозирги пайтда истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Кўрилган чоралар туфайли табиий газ истеъмолчиларининг 90 фоизида ижобий натижага эришилди.

Шу билан бирга, қуйида газ босими нисбатан паст ҳудудлар рўйхати келтирилмоқда:

  1. Фарғона вилоятида — 43 фоиз; 
  2. Андижон вилоятида — 41 фоиз;
  3. Наманган вилоятида — 39 фоиз; 
  4. Тошкент вилоятида — 1,4 фоиз; 
  5. Самарқанд вилоятида — 3 фоиз;
  6. Тошкент шаҳрида —7,5 фоизни ташкил этмоқда.

Мазкур ҳудуд истеъмолчиларининг табиий газ босимини барқарорлаштириш учун керакли ишлар олиб борилмоқда.

Мавзу
Ўзбекистонда блэкаут
25 январь куни Ўзбекистон бўйлаб свет ўчиб қолди. Бу барча соҳаларга жиддий таъсир қилди.
Барчаси
Top