10:55 / 28.01.2022
16164

Ўзбекистоннинг демографик ҳолати: аҳоли орасида кузатилган ўлим ва унинг сабаблари маълум қилинди

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, ҳудудлар бўйича аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятларида, энг паст кўрсаткичлар Навоий, Бухоро вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган.

Фото: Getty Images

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилги Ўзбекистон Республикасининг демографик ҳолати бўйича дастлабки маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, 35 млн 271,3 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 712,4 минг кишига ёки 2,1 фоизга кўпайган.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 17 миллион 918,3 минг кишини, қишлоқ аҳолиси сони эса 17 миллион 353 минг кишини ташкил этган.

Маълумот учун: БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига ер юзидаги жами аҳоли сони 7 млрд 875 млн кишини ташкил этган. Ўзбекистон аҳоли сони бўйича 43-ўринда қайд этилган.

Республикада 2021 йилда туғилганлар сони олдинги йилга нисбатан 63,4 минг кишига ёки 7,5 фоизга кўпайган, вафот этганлар сони эса 2020 йилга нисбатан 1,1 минг кишига ёки 0,6 фоизга камайган.

Шунингдек, қайд этилган никоҳлар сони 2020 йилга нисбатан 8,3 минг кишига ёки 2,8 фоизга, никоҳдан ажрашганлар сони 11 минг кишига ёки 39 фоизга ошган.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 31,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 57,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 11,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келган.

2022 йилнинг 1 январь ҳолатига 1 квадрат километрга ўртача 78,6 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,6 кишига кўпроқ (2021 йилда 1 кв.км.ga 77,0 киши).

Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳри (8035,1 киши), Фарғона (576,4 киши) ва Андижон (756,6 киши) вилоятларида, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти (9,3 киши), Қорақалпоғистон Республикаси (11,7 киши) ва Бухоро вилоятида (49,1 киши) қайд этилган.

2021 йил давомида 905,2 мингта бола туғилган бўлса, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 25,9 промиллени ташкил этган. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан (24,6 промилле) 1,3 промиллега баландроқ.

2021 йилнинг январь-декабрь ойларида 174,5 мингта ўлим ҳолати кузатилган бўлиб, ҳар 1000 аҳолига ўлим коэффициенти 5 промиллени ташкил этган ҳамда 2020 йилга нисбатан (5,1 промилле) - 0,1 промиллега камайган.

Ўтган йилнинг январь-декабрь ойларида қайд этилган ўлим ҳолатининг 61,7 фоизи – қон айланиш тизими касалликларидан, 7,8 фоизи – ўсимталардан, 6,7 фоизи – нафас олиш аъзолари касалликларидан, 5,2 фоизи – бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,1 фоизи – овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 3,1 фоизи – юқумли ва паразитар касалликлардан, 11,4 фоизи эса бошқа касалликлардан вафот этган.

Top