12:46 / 02.02.2022
12211

Паркентда археологик ёдгорлик ҳудуди ғишт ишлаб чиқариш учун сотиб юборилгани маълум бўлди

Ҳокимлик мансабдорлари Паркент туманидаги «Култепа» археология ёдгорлигига тегишли бўлган 2 гектар ер майдонини тадбиркорларга сотиб юборган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, етказилган зарар миқдори 147 миллион долларни ташкил қилмоқда.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот котиби

Тошкент вилояти, Паркент тумани, «Истиқбол» МФЙдаги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали «U.Q.B» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Мазкур археология ёдгорлиги Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ҳамда Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

Паркент тумани ҳокимлиги сотиб юборган давлат мулки «U.Q.B» МЧЖ раҳбарлари томонидан 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда бошқа тадбиркор «U.M.P» МЧЖга сотиб юборилган. Ушбу тадбиркорлик субъекти бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Мазкур цех учун хомашё – тупроқ маҳсулоти эса археология иншооти ҳудудидан қазиб олиниб, «U.Q.B» МЧЖ томонидан етказиб берилган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.

Ушбу ҳаракатлар юзасидан Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдорларга нисбатан чора кўриш, ҳоким қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари берган. Лекин, шунга қарамасдан МЧЖ ўз фаолиятини давом эттириб келган.

Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фанлар академияси мутахассислари билан ўрганиш ишлари олиб борган.

«Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур археология объекти эрамизнинг I-IV асрларига оид бўлиб, кўчманчи чорвадор аждодларимизга тегишли қабристон ёдгорлиги саналиши аниқланди.

Ўрганишлар давомида олинган дастлабки маълумотларга кўра, «U.M.P» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлиги ҳудудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1 триллион 587 миллиард 600 миллион сўм (тақрибан 147 миллион доллар) миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланди», - дейилади агентлик баёнотида.

Солиштириш учун, Сирдарё вилояти молия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нуриддин Усмонов Сардоба тошқинидан зарар кўрган ҳудудлардаги аҳолига тегишли турар жойлар ва барча зарур шароитларни яратиш учун бир ярим йил ичида давлат бюджетидан 1,7 триллион сўмдан (160 миллион долларга яқин) зиёд маблағ сарфланганини билдирган эди.

Ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган. Натижада, 2021 йил декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан «U.M.P» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти прокуратурасининг Kun.uz'га маълум қилишича, тергов ҳаракатлари давомида айбдор шахслар доираси аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Top