07:40 / 03.02.2022
3753

USAID Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш учун 10 миллион долларлик ташаббусни ишга туширди

Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) янги дастурини ишга туширди. Беш йилга мўлжалланган дастурнинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг.

Фото: uz.usembassy.gov

“USAID Ўзбекистон ҳукуматини инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларда қўллаб-қувватлайди ҳамда мамлакат ёшларининг меҳнат бозорига муваффақиятли кириб келишида ўз ҳиссасини қўшиш имкони яратилганидан жуда мамнун”, деди USAID’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит.

Янги ташаббус 2022 йил январь ойида бошланган бўлиб, мактабнинг 8-11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлиш имконини беради. Дастур мактабда ва мактабдан ташқарида ўқувчиларнинг мактабни битирганидан сўнг ишга муваффақиятли ўтишини таъминлашга қаратилган. 

Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилаётган дастур қизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларидаги ролини янада оширишга, уларнинг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. 

Дастур, шунингдек, хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Халқ таълими вазирлиги ходимларининг дастур ҳар бир босқичида иштирок этиши ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Америка кенгашлари ушбу ташаббуснинг барча жабҳаларида USAID’нинг таълим бўйича асосий ҳамкори Халқ таълими вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Дастурни амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий ташкилотлар жамоаси лойиҳага жалб қилинади. Ёшлар меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасида глобал даражадаги тажрибага эга бўлган техник ҳамкор сифатида – “World Learning” халқаро ташкилоти хизматларидан фойдаланилади.

Лойиҳа беш йил давомида Америка кенгашлари меҳнат бозорининг ўзига хос эҳтиёжларини тушуниш, натижаларни мониторинг қилиш ва уларни баҳолаш, аёллар ва қизлар, ногиронлиги бор шахсларнинг меҳнат бозорига жалб этилишини таъминлаш учун маҳаллий экспертлар билан ишлайди. Маслаҳатчи, мураббий сифатида жалб этиладиган ва амалиёт ўташ жойларини таъминлайдиган компаниялар, хусусий сектор билан ишлашда давлат идораларига кўмак кўрсатилади.

Top