14:40 / 12.02.2022
11691

Москва полицияси Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари «миналаштирилгани» ҳақидаги хабарни текширмоқда

11 февраль куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати электрон манзилига эркак кишидан иккита хат келган. Унда унинг 44 ёшли шериги дипломатик идораларга портловчи моддалар солинган рюкзакларни жойлаштиргани ҳақида сўз борган. Барча бинолар кинологлар томонидан текширилган, портловчи моддалар ва портловчи қурилмалар топилмаган. 

Фото: РИА Новости

Москва полицияси Тожикистон, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари элчихоналари ва консулликлари «миналаштирилгани» ҳақидаги хабарлар ортидан текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб, ТАСС хабар берди.

«Жума куни ФХХ электрон манзилига бир шахсдан унинг 44 ёшли шериги Тожикистон элчихонаси ва бош консуллиги, Ўзбекистон элчихонаси ва консуллик бўлими, АҚШ элчихонасига портловчи моддалар солинган рюкзаклар қўйгани ҳақида иккита хат келиб тушган», деди манба. 

Россия Марказий банки ва «Қизил майдон» ҳам «миналаштирилган». Барча бинолар кинологлар томонидан текширилиб, портловчи моддалар ва портловчи қурилмалар топилмаган. Эвакуация ишлари амалга оширилмаган.

«Полиция бу хабарларни текширишни бошлади», дейилади маълумотда. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқоридаги воқеа юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

Top