21:40 / 16.02.2022
10899

«Сендан угина, мендан бугинами?» – Ҳомийлик асосидаги қурилишлар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигидан изоҳ сўралди

«Қурилиш компаниялари ўз малакаси, дунёқараши ва қиладиган ишини аввал бирор майдонда кўрсатса, биз кейинроқ яна 15та майдонни худди Космонавтлар майдонидаги каби реконструкция қилмоқчимиз», – дейди шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманининг Алишер Навоий кўчасидаги таъмирлаш ишлари бўйича интернетда шов-шув кўтарилиши ортидан бугун, 16 феврал куни пойтахт ҳокимлигида матбуот анжумани ташкил қилинди.

Тадбир давомида Kun.uz мухбири Тошкентдаги аксар қурилиш-реконструкция лойиҳалари турли компаниялар томонидан ҳомийлик асосида қилинаётгани ва бунинг ортида «сендан угина, мендан бугина» тамойили ётган бўлиши мумкинлиги борасида ҳокимлик вакилларига савол билан мурожаат қилди.

Саволга Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов изоҳ берди.

Унга кўра, Тошкентдаги Космонавтлар майдонида қилинган демонтаж ишлари ҳам ҳомийлик асосида бошланган.

«Уларнинг иши шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга маъқул келса, кейин бошқа лойиҳаларни олиши мумкин. Ҳозир бошқа туманларда ҳам шу кўринишда ишлар бошланган», – деди у.

 Журналист ҳоким ўринбосари жавобидан кейин унга ҳар қандай лойиҳа қурилиш компанияларига тенг имконият яратган ҳолда, тендер натижалари орқали амалга оширилиши керак эмасми, дея такрор савол билан юзланди.

«Йўқ, улар ўз лойиҳасини бепул кўрсатмоқчи. Яъни улар пакет олиш учун ҳаракат қилишади. Бу халқаро тажриба», – дея вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилди ҳоким ўринбсоари.

Top