09:20 / 25.02.2022
20287

Метрода ўзини поезд тагига ташлаган эркак воқеа жойида вафот этган

24 февраль куни “Мирзо Улуғбек” бекатида ўзини поезд тагига ташлаган эркак вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Видеодан кадр

“24 февраль куни соат 21:15 ларда Тошкент метрополитенининг “Мирзо Улуғбек” бекатида Сирдарё вилояти, Сардоба туманида яшаган, 1984 йилда туғилган Э.Ш. ҳаракатланиб кетаётган электропоезднинг тагига ташлаб, олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Тошкент метросида эркак ўзини поезд тагига ташлагани туфайли поездлар ҳаракати тўхтаб қолгани хабар берилганди

Метрополитен матбуот хизмати хабар беришича, воқеа соат 21:00 ларда содир бўлган. Натижада “Чилонзор” йўлининг бир томонида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатиб қўйилган.

23 февраль куни “Абдулла Қодирий” метро бекатида поезд тўхтаб қолганди. Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири вагонларда бўлган тахминан 200 нафар йўловчи бекатга туширилгани, ярим соатдан кейин бошқа поезд йўловчиларни олиб кетгани ҳақида хабар берганди.

Top