10:03 / 28.02.2022
6315

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони тўғридан тўғри мунтазам авиақатновни йўлга қўймоқчи

Жорий йилнинг 27 февраль куни видеоконференция тарзида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал–Фалиҳ ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашувда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш соҳасига Саудия Арабистони қўшимча инвестицияларини жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда қарийб 3 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошираётган Саудия Арабистонининг "Acwa Power" компаниясининг бу борада алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.

Саудия Арабистони томони Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, кимё ва нефть кимёси, шунингдек металлургия соҳаларида қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш бўйича яқин ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Жорий йилда ҳукумат комиссияси йиғилиши, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ишбилармонлар кенгаши қўшма йиғилиши, Ар-Риёз ва Жиддада “Made in Uzbekistan” ўзбек маҳаллий маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида мунтазам равишда тўғридан тўғри йўловчи ҳаво кемалари қатновини йўлга қўйиш орқали ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Top