17:46 / 04.03.2022
5566

Икки ойда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича 13 млрд 770 миллион сўм зарар етказилган

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Хоразм, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати кўп бўлган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги штаби томонидан 2022 йилнинг январь-февраль ойлари давомида истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлил қилинган.

Ўтказилган тадбирларда январь-февраль ойлари давомида республика бўйича 546 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 15 миллион 532 минг куб метр ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Бунинг натижасида газ таъминоти корхоналари манфаатларига 13 миллиард 770 миллион сўм зарар етказилган.

Ушбу миқдордаги табиий газ 1 миллион хонадоннинг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг кўпи Хоразм, Сирдарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида аниқланган.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.

Top