15:11 / 07.03.2022
4724

ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, ўзига лезвия орқали жароҳат етказган ҳайдовчи жазога тортилди

Фото: Тошкент вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати

Ҳайдовчи жаримадан қочиш мақсадида баланд овозда бақир-чақир қилади ва ёнидаги ўткир тиғли жисм (лезвия) билан ўзининг қорин қисмига тан жароҳати етказади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 16 феврал куни Оҳангарон шаҳри А.Темур кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Х.Қамбаралиев Nexia русумли транспорт воситасига тўхташ ишорасини беради. Ҳайдовчи 1991 йилда (Фарғона вилояти) туғилган Т.Ш. ЙПХ инспекторининг қонуний талабларини бажармасдан, ҳаракатланишда давом этади.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчи ушланади ва транспорт воситасини бошқариш учун тегишли ҳужжатлари йўқлиги аниқланади.

Шундан сўнг, ҳайдовчи майда безорилик ҳаракатларини амалга ошириб, жамоат жойида жаримадан қочиш мақсадида баланд овозда бақир-чақир қилади ва ёнидаги ўткир тиғли жисм (лезвия) билан ўзининг қорин қисмига тан жароҳати етказади.

ЙПХ инспектори ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракатларига қонуний чора кўрилиши учун уни шаҳар ИИБга топширади ва унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан керакли ҳужжатлар тўпланиб, Оҳангарон шаҳар судига жўнатилган.

Ўтказилган суд жараёнида ҳайдовчи Т.Ш. МЖтКнинг 183-моддасига кўра айбдор деб топилиб, 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.

Top