16:05 / 14.03.2022
8863

Сурхондарёда қалбаки квитанция билан фуқаронинг пулини ўзлаштирган банк ходимига жиноят иши қўзғатилди

У фуқарога қалбаки квитанция бериб, жиноят иши бўйича етказилган зарарни тўлаш учун топширган пулидан 30 миллион сўмни ўзлаштиргани аниқланган.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда, “Микрокредитбанк” АТБ Қумқўрғон филиали собиқ ходими Ш.А. “С.М.” МЧЖ раҳбари М. томонидан жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш учун топширилган 86,7 миллион сўмнинг 56,7 миллион сўмини кирим қилиб, қолган 30 миллион сўмни тадбиркорга қалбаки квитанция тақдим этиб, ўзлаштириб юборгани маълум бўлган.

Бундан ташқари, фуқаро Б.нинг номига имтиёзли кредит ажратишга эришиб, 24,5 миллион сўм кредит маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top