17:49 / 16.03.2022
11284

Қудбиев: Солиқ қўмитаси марказий биноси 80 фоизга ўзини электр энергияси билан таъминламоқда

16 март куни президент Шавкат Мирзиёев солиқ тизимидаги ислоҳотлар, янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш учун Давлат солиқ қўмитасига ташриф буюрди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир олдидан ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев ОАВ вакиллари билан мулоқот қилди.

“Тизимимизда рақамлаштириш, замонавий технологиялар жорий қилиш билан жиддий шуғулланяпмиз. Ёдингизда бўлса, олдин тадбиркорлар электрон ҳисобот топширишда кўп муаммоларга дуч келишар, “Soliq.uz йиқилди” деган ибора жуда кўп ишлатиларди. 2021 йилда бери бу тизимимизда узилиш кузатилмади. Сабаби, президентимизга раҳмат, қўмитамиз энг қувватли серверлар билан таъминлаб берилди.

Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман – биноларимизнинг устидаги қуёш панелларига эътибор бергандирсиз. Қўмитамизнинг марказий бинолари 80 фоиз электр таъминотини ўзимиз таъминлаймиз. Шундай кунлар бўладики биз ўзимиздан орттириб, умумий тармоққа электр энергияси узатамиз ҳам. 9 қаватли янги бино қурилаётганида унинг нафақат томини, балки ташқи фасадини ҳам асосан қуёш панеллари билан қопладик”, деди у. 

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбирининг соҳадаги IT–мутахассислар бўйича саволига Шерзод Қудбиев шундай жавоб берди:

“Бу бизнинг энг нозик ва мураккаб соҳамиз. Унда ишлайдиган мутахассислар тўлиқ Ўзбекистон фуқаролари. Яъни ўз юртимиз фарзандлари бемалол бу тизимни ишлата олишяпти”.

Айни пайтда қўмитада президент иштирокида тадбирлар бошланмоқда.

Top