Ўзбекистон | 18:34 / 17.03.2022
51724
3 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати яна узайтирилмоқда

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизмати 19 мартдан бошлаб 2 ҳафтага тўхтатилади. Гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатлари мутаносиб тарзда 2023 йилнинг 31 декабригача узайтирилиши кутилмоқда. 2022 йил 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида чора кўрилмайди.

Техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 19 мартдан – 2 апрель кунигача ҳайдовчилик гувоҳномаси алмаштириш хизмати вақтинча кўрсатилмайди. Бу ҳақда хабар берган Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, гувоҳномани алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Қайд этилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар бир гувоҳнома алмаштириш пунктига кунига 55-60 нафардан фуқаро мурожаат қилганда – тўлиқ қамров учун ўртача 4 йил вақт сарф қилиниши режалаштирилган. Ҳозирда эса, бир кунда 500-600 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда.

Республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони – қарийб 5,7 млн. нафарни ташкил этади. Шунга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини мажбурий алмаштириш муддатлари Ҳукумат томонидан 2 маротаба (дастлаб, 2020 йилдан – 2021 йилнинг охирига қадар, кейинчалик 2021 йилдан – 2022 йилнинг сўнгига қадар) узайтирилган.

Ҳайдовчиларга қулай шароит яратиш мақсадида 2018 йилнинг май ойидан экспериментал тартибда Давлат хизматлари марказларида ҳам “права” алмаштириш хизмати йўлга қўйилди.

Бунда хизмат учун нафақат келган ҳолда, балки онлайн шаклда ҳам мурожаат қилиш имкони яратилди. Бугунги кунда жами 74 та пунктда хизмат кўрсатиш имконияти яратилиб, тегишли моддий-техникавий база билан таъминланган (қурилмаларнинг 49 таси – ЙҲХББ бўлинмалари, 25 таси Давлат хизматлари марказларига ўрнатилган).

Амалга оширилган ишлар натижасида, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси амалиётга киритилган пайтдан бошлаб, бугунги кунга қадар 2,6 млн.дан ортиқ ҳайдовчиларнинг гувоҳномалари янгисига алмаштирилди.

Давлат хизматлари агентлиги пойтахтда ва вилоятлардаги ҳайдовчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида "сўнгги мижозгача" иш режимини йўлга қўйди. Маълумот учун ДХМларда ўртача бир фуқарога хизмат кўрсатиш учун 4-5 дақиқа вақт сарфланмоқда. Бироқ, ўтказилган таҳлиллар 3,1 млн.дан ортиқ фуқароларимиз томонидан ҳужжатларни алмаштирилмай келинганлигини кўрсатди.

Муаммони бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатларини мутаносиб тарзда – 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Иккинчидан, ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг тахминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтириш режалаштирмоқда.

Шунингдек, ИИВ маълумотига кўра, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича, истисно тариқасида тегишли таъсир чоралари қўлланилмайди”, – дейилади агентлик хабарида.

Демак, маълум бўладики, ҳайдовчилик гувоҳномаларини зудлик билан алмаштиришга ҳожат йўқ. Тегишли муддат яна узайтирилди. Лекин барибир бу амалиётни бажариш лозим.

Мавзуга оид