21:51 / 17.03.2022
7294

Тошкентда “права” олиб беришини айтиб одамлардан пул олиб юрган шахс топилди

Ўзини Тошкент имтиҳон маркази ходими деб таништириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳал қилиб беришни ваъда қилган ва бунинг учун камида икки кишидан пул олган фуқаро устидан фирибгарлик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати бу каби фирибгарларга ишониб қолмасликка чақирди.

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизматидан маълум қилишларича, 16 март куни Иброҳим исмли фуқаро Янгиҳаёт тумани ички ишлар органларига мурожаат қилган. Фуқарога кўра, у 25 феврал куни Дониёр исмли шахс билан танишиб қолган, бу шахс “AutoDriver Study” МЧЖда ишлашини ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ёрдам беришини иддао қилган.

Иброҳим амалий имтиҳондан ўтолмаганини билган Дониёр бир ҳафта ичида бу имтиҳондан ўтказиб қўйишни ваъда қилган, бунинг эвазига 200 минг сўм сўраган. Иброҳим сўралган пулни ва керакли ҳужжатларни берган. Бироқ айтилган бир ҳафта ўтгач ҳам, гувоҳномадан дарак бўлмаган.

Таъкидланишича, 16 март куни Янгиҳаёт тумани ички ишлар бўлимига Азамат исмли фуқаро ҳам ариза берган, у ҳам ўзини AutoDriver Study'да ишлашини айтиб алдаган Дониёр исмли шахсдан шикоят қилган. Унга кўра, Дониёр бу ҳолатда Азаматнинг имтиҳонга кириш учун тиббий ҳужжатлари йўқлигини билиб, унга тиббий ҳужжатларсиз имтиҳонга киргизиш ва гувоҳнома олиб беришни ваъда қилган. Бунинг учун 400 минг сўм ва зарурий ҳужжатларни сўраган, ишни бир ҳафтада битиришини айтган.

Бу икки ариза юзасидан 1977 йилда туғилган Дониёр исмли шахс терговга қадар текширувга жалб қилинган. 17 март куни фирибгарлик моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давомида унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги эҳтимоли ҳам суриштирилмоқда.

Куни кеча юқоридаги ҳолатлардан биринчиси ҳақида Тошкент имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов ҳам ўз видеомурожаатида айтиб ўтган эди.

“Имтиҳон марказимизга бир фуқаро келиб мурожаат қилди. Унинг айтишича, бир неча кун олдин марказимизда назарий имтиҳонни топширган, амалий имтиҳондан ўта олмаган. Кўчага чиқиб кетаверишда, биномизнинг олдида унга бир фуқаро мурожаат қилиб, нима бўлганини сўраган. У муаммони айтган. Учраган одам эса: “Келинг, муаммонгизни ҳал қилиб бераман, ҳозир кўчада бу ишларни биз ҳал қиляпмиз”, деб ўзини таништирган, телефон рақамини берган ва 200 минг сўм олган.

Бу шахс унинг ишончини оқлаш учун машинасининг багажидан турли сертификатларни кўрсатган. Хуллас, пулини олиб, айтганки: “Тез кунларда масалангиз ҳал бўлади”. У одам икки ҳафта давомида тинмай қўнғироқ қилган, у эса ана бўлади, мана бўлади, ҳозир ҳал бўлиб қолди, ҳозир бу одам қўл қўйиб бериши керак деб алдаб келган.

Алданганини тушунган фуқаро мана энди бизга келиб, мурожаат қиляпти, ёрдам бера оласизми деб.

Ҳурматли фуқаролар! Бизнинг имтиҳон марказимиз биноси олдида изғиб юрган турли-туман фирибгарларга ишониб қолманг. Жабрдийда бўлиб қолманг. Ундан кўра автомактабингизда назарий ва амалий билимларингизни мустаҳкамланг.

Тушунинг, бугун биз имтиҳон соҳасида коррупцияга чек қўйилди деган гапларимиз баландпарвоз гаплар эмас. Бу – ҳақиқий, бор гаплар. Билимингиз бўлмаса, валломати бўлсангиз ҳам [ҳайдовчилик гувоҳномаси] ололмайсиз дедикми, демак шундай бўлади. Гапимизга ишонаверинг, чунки бутун тизим шундай қилинган: фақатгина билими бор одамгина имтиҳондан ўтиб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мумкин”, – дейди Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, 4 февралдан бошлаб Тошкентда ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлар тўлиқ автоматлаштирилган илк хусусий имтиҳон марказида ўтказилмоқда.

Top