18:27 / 19.03.2022
34129

Ҳиндистондан илк бор Покистон ва Афғонистон орқали Ўзбекистонга тижорат юки жўнатилди

Покистон расмийсининг сўзларига кўра, энди бу транзит мунтазам равишда амалга оширилади ва Ўзбекистон Покистон портлари орқали исталган давлатдан маҳсулот олиб кириш имкониятига эга бўлади.

Фото: Ariana News

Ҳиндистонлик савдогар илк бор Ўзбекистонга тижорат юкини Покистон ва Афғонистон орқали транзит қилиб юборди. 140 тонна юк (асосан шакар) ортилган машиналар карвони Кобулдан Тошкентга жўнаб кетган. Бунгача юк «Мумбай – Карачи – Турхам» йўналиши бўйлаб келган.

Юк жўнатилиши Ҳиндистон томонидан хусусий равишда ташкил этилган. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транзит савдоси тўғрисидаги келишув уни амалга ошириш имконини беради.

Номи ошкор этилмаган Покистон расмийсининг сўзларига кўра, энди бу транзит мунтазам равишда амалга оширилади ва Ўзбекистон Покистон портлари орқали исталган давлатдан маҳсулот олиб кириш имкониятига эга бўлади.

Унинг қўшимча қилишича, Толибон ҳукумати савдо фаолиятини осонлаштириши шарт, чунки Афғонистон сингари Ўзбекистон ҳам денгизга чиқиш имкониятига эга эмас ва халқаро савдо алоқаларини амалга ошириш учун Покистон портларига кириш ҳуқуқига эга.

Top