16:09 / 19.03.2022
7057

«Кўплаб давлат органлари ва ташкилотлари очиқликка доир президент фармони талабларини бажармаяпти» — Аксилкоррупция агентлиги

Давлат харидлари, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва меҳмонларни кутиб олиш харажатлари тўлақонли эълон қилинмаяпти, деди агентлик директори Акмал Бурҳонов Сенатдаги ҳисоботида. Унинг сўзларига кўра, кўплаб ҳолатларда енгил автомобиллар ва хизмат уйлари бўйича маълумотлар ҳам ёпиқлигича қолмоқда.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Бугун, 19 март куни Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Маълум қилинишича, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасидаги ишлар етарли даражада мувофиқлаштирилмагани оқибатида улар томонидан тегишли маълумотлар очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирилмай келинмоқда.

«Хусусан, 135 та давлат органлари ва ташкилотларининг 2021 йил тўртинчи чораги бўйича давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлари таҳлили кўрсатганидек, уларнинг 80 таси ёки 60 фоизи ушбу маълумотларни белгиланган ресурсларга жойлаштирмаган. Ёки хизмат сафарлари ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари бўйича ҳисоботлар 88 та давлат органи ва ташкилоти томонидан ўз вақтида очиқланмаган»,дейилади ҳисоботда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Маданий мерос агентлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳам ўзлари масъул бўлган маълумотларни эълон қилмагани ёки янгилаб бормагани қайд этилди.

2021 йилнинг 16 июндаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши керак эди.

Лекин мониторинг қилинган 135 та давлат органлари ва ташкилотларининг 93 таси 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботни эълон қилмаган бўлса, 126 таси матбуот анжуманининг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида ҳанузгача ўз расмий веб-сайтига маълумот жойлаштирмагани аниқланган.

Шунингдек, очиқликка доир қонунчилик талаблари ижроси ҳолати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кесимида ўрганилганида жами 95 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйилгани аниқланди. Соддароқ қилиб айтганда, маҳаллий ҳокимликлар эълон қилиниши лозим бўлган 13 тоифадаги маълумотларни расмий веб-сайтида умуман эълон қилмаган.

Туман ва шаҳарлар кесимида эса 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларидан 43 тасида (20 фоизи) расмий веб-сайти ишчи ҳолатда эмас, фаолият кўрсатаётганларида ҳам маълумот узоқ вақт давомида янгиланмай келинмоқда.

«Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат харидлари билан боғлиқ маълумотлар, харажатлар сметаси ва унинг ижроси, хизмат сафарлари ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, лицензия ва рухсат этиш учун масъуллар тўғрисида маълумот, енгил автомобиллар, хизмат уйлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар жамоатчиликка тўлақонли эълон қилинмаяпти», – дейди агентлик директори.

Аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига агентлик томонидан 26 та тақдимнома ҳамда 35 та огоҳлантириш хатлари киритилган.

Сенат раиси Танзила Норбоева кўпчилик ташкилотлар очиқликнинг амалий аҳамияти ва заруратини ҳали чуқур англаб етмаганини, белгиланган вазифалар ижросига юзаки қараш, ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳолатлари кўплигини қайд этди.

«Масаланинг бошқа томони ҳам бор: давлат ташкилотларида, айниқса, ҳудудий тузилмаларда (жумладан, ҳокимлик, маҳаллий кенгашларда) очиқликни таъминлаш инфратузилмаси тўлиқ шаклланганми, кадрлар салоҳияти етарлими, кимлар бунга масъул этиб белгиланган, аниқ малака талаблари, услубий ёндашувлар борми?

Фақат компьютерга интернетни улаб қўйиш билан иш битмайди. Ахборотни англаш, тушуниш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш, мунтазам янгилаб бориш зарур. Бунинг учун малака керак. Малака бўлмаган жойда масъулият ҳам бўлмайди. Масала доимий назоратимизда бўлади. Бугунгидек эшитувлар бундан кейин ҳам давом эттирилади», – дея Сенат раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top