16:11 / 07.04.2022
20011

NYT: НАТО давлатларида Россияга нисбатан кейинги муносабатлар борасида келишмовчилик бор

НАТОга аъзо давлатлар Украинада давом этаётган уруш шароитида Россия билан муносабатларда кейинги қадамлар бўйича ўзаро келиша олмаяпти. Бу ҳақда Ғарбдаги юқори мартабали амалдорлар орасидаги манбаларига таянган ҳолда The New York Times хабар берган.

Нашр манбаларига кўра, Болтиқбўйи давлатлари ва Польша Россия билан муносабатларни тўлиқ узиш ва «Россияни тиз чўктириш»га қаратилган чораларни кўришни талаб қилмоқда. Улар Россия ғалаба сифатида кўриши мумкин бўлган ҳар қандай нарса Европа хавфсизлигига жиддий путур етказишидан хавфсирамоқда.

Бу вақтда Франция, Германия ва Туркия Россия армиясига қарши илгари сурилаётган ҳарбий жиноятлар бўйича айбловларга қарамай, Владимир Путин билан алоқаларни давом эттиришни истамоқда.

6—7 апрель кунлари Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда муҳокама қилинаётган мавзулардан бири альянснинг Украинадаги вазият билан боғлиқ ҳаракатларидир.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс The Telegraph нашридаги мақоласида Россия ва НАТО ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги таъсис акти энди аҳамиятини йўқотгани, «унинг даври ўтгани» ҳақида ёзди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳарбий ҳаракатлар майдонидаги вазият бўйича изоҳ бераркан, Украинадаги уруш «критик фазага киргани»ни айтганди. Шимолий Атлантика альянси маълумотларига кўра, Россия Донбассни тўлиқ эгаллаш ва Қримгача қуруқликдаги йўлак очишни режалаштирмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top