16:43 / 08.04.2022
10938

«Ўзбекистон «Толибон»нинг Афғонистонда кўкнори етиштиришни тақиқловчи қарорини қўллаб-қувватлайди» – Исматулла Эргашев 

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев «Толибон» муваққат ҳукумати томонидан кўкнори етиштириш тақиқланишини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Фото: Kun.uz

Президент вакили Gazeta.uz'га берган интервьюсида «Толибон»нинг ушбу қарори Афғонистондаги гиёҳванд моддалар муаммосини илдизи билан йўқ қилишда муҳим роль ўйнаши, бу эса мамлакат халқаро террорчилар паноҳига айланмаслигига аниқ сигнал эканлигини таъкидлаган.

«Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан афюн кўкнори етиштириш, шунингдек, барча турдаги гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш, сотиш, ташиш ва контрабандага нисбатан эълон қилинган тақиқ мамлакатда ушбу муаммони йўқ қилиш йўлидаги, қолаверса, толибларнинг минтақа мамлакатларининг минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қўшилишдаги муҳим қадамларидан бири бўлди», – дейди Эргашев.

Шунингдек, Исматулла Эргашев дунёда ишлаб чиқарилаётган афюннинг 80 фоиздан ортиғи Афғонистон ҳиссасига тўғри келиши, бунинг ортидан миллиардлаб даромадлар келаётган бўлса-да, бироқ улар бугунги кунда мамлакатни қамраб олган оғир гуманитар инқирознинг бутун кўринишини акс эттира олмаслигини таъкидлаган.

«Менинг фикримча, аксарият афғон деҳқонлари учун кўкнори етиштириш омон қолишнинг ягона йўли ва ўз оилаларини боқишнинг усули эканлигини тушуниш лозим. Бироқ бу қардош мамлакатда 40 йилдан ортиқ давом этган уруш туфайли сунъий равишда яратилган мажбурий чора эди.

Ишонамизки, Афғонистон янги раҳбариятининг жуда муҳим қарори нафақат уларнинг виждонли ва масъулиятли хатти-ҳаракатларининг аниқ тасдиғи, балки яқин келажакда ўз мамлакатини жаҳон ҳамжамиятининг тўлақонли ва масъулиятли аъзосига айлантириш истаги ҳамдир», – дейди у.

Президент вакили нима учун бу Афғонистоннинг бутун кўп миллатли халқи учун жуда муҳим қарор, деганига изоҳ берган.

«Энг аввало, бу ниҳоят оддий афғон деҳқонларига кўкнори ўрнига бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ўтиш, ички бозорни улар билан тўлдиришга ва афғонларнинг фаровон яшашига имкон яратади.

Яна бир муҳим тафсилотни таъкидламоқчиман. Афғонлар табиатан тажрибали деҳқонлардир, улар фақат уруш йилларида афюнни фаол етиштира бошлашди, асрлар мобайнида улар мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларининг барча турларини, шунингдек, гуруч, буғдой, картошка, помидор ва бошқаларни етиштириб келишган. Афғон халқининг бугуни ва келажагини таҳлил қилишда мана шу тарихий ҳақиқатга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, Афғонистон муваққат ҳукумати қарори ҳозирги вақтда ҳануз мамлакат ҳудудида бўлиб турган турли террористик гуруҳларни опий сотишдан тушган даромад шаклидаги асосий молиялаштириш манбасидан маҳрум қилади.

Шу тарзда толиблар ўз қарори билан халқаро ҳамжамиятга нафақат мамлакатда гиёҳванд моддалар таҳдидига қарши курашиши, балки улар ўз ҳудудида турли йўналишлардаги халқаро террорчиларнинг келгусида мавжуд бўлишига йўл қўймаслиги ҳақида аниқ ва тушунарли сигнал берди.

Бошқача қилиб айтганда, гап афғон юрти энди ҳеч қачон хорижий террорчилар паноҳига айланмаслиги ҳақида кетмоқда», – дейди у.

Бундан ташқари, Исматулла Эргашев «Толибон» ушбу қарори ортидан халқаро ҳамжамият олдида ўз зиммасига олган кенг вакилликка асосланган ҳукуматни шакллантириш, аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, террористик гуруҳлар билан алоқаларни бутунлай узиш каби мажбуриятларни бажаришини тахмин қилишга асослар етарли бўлишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 3 апрель куни «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудуди бўйлаб кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни тақиқлади. Шунингдек, тақиқ барча турдаги гиёҳвандлик воситалари ва уларни ўз ичига олган таблеткалар ёки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, ташиш, сотиш, экспорт ва импорт қилишга тааллуқли. 

Top