13:41 / 13.04.2022
14333

“Кўчамизни асфальт қилиб беришларини сўраб 8 йил “югурган” эдик” – “Ташаббусли бюджет” ғолиблари лойиҳа ҳақида қандай фикрда?

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани “Қорасоқол” МФЙ аҳолиси 8 йилдан бери ўз кўчаларини асфальтлаштириш йўлида кирмаган эшиклари қолмади.

1986 йилда асфальтлаштирилган кўча бугунги кунга келиб абгор ҳолатга келган. Устига-устак маҳаллада болалар боғчаси жойлашган бўлиб, ёғингарчиликда йўлдан қатнашда барча бирдек азият чекарди.

Ёзёвон тумани “Қорасоқол” МФЙда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 1 746та овоз тўпланди. Маҳалла аҳли “Ташаббусли бюджет” туфайли йиллар давомида ечим топмаган ички йўлларни асфальтлаш масаласи ҳал бўлганини таъкидлашди. Маҳалла лойиҳада 1 миллиард сўм ютиб олди. Бу маблағга Асалчилик, Истиқлол, Ибрат, Навбаҳор ҳам Дўстлик кўчалари – жами 6 800 метрлик ички йўллар таъмирланадиган бўлди.

Маҳалла фаоли Икромжон Мамажонов овоз тўплаш учун бутун қишлоқ оёққа туриб, биргалашиб ҳаракат қилишгани ҳақида сўзлади.

Икромжон Мамажонов. Маҳалла фаоли

Бу қишлоқда чеклар 1989 йилда берилган бўлса, 1986 йилда кўча асфальтлаштирилган эди. Бу асфальт йиллар давомида кўриб бўлмас ҳолатга келди. Йўлдан юришга ҳам имкон йўқ эди.

Айниқса, боғчага болаларни олиб келишда ота-оналар қийналишарди. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида овоз бериш бошлангач, ҳаракат қилиб кўрдик. Унгача асфальт қилиш учун 8 йил уринганмиз. Портал, ҳокимиятга борганмиз.

Йўлларни асфальтлаш учун маҳаллаларда ёшларни жалб қилиб юриб, овоз тўпладик. Натижа ёмон бўлмади. 1 миллиард сўм ютиб олдик. Энди шу “Қорасоқол” МФЙ ҳудудидаги яроқсиз бўлиб қолган йўлларни таъмирлаш учун эртадан асфальт келяпти. Мана шу лойиҳа ташаббускорларига раҳмат. Шу пайтгача бўлмаган иш айнан шу лойиҳа сабаб ҳал бўлди.

Эшикма-эшик юриб овоз тўпладик. Маблағни ютиб оламиз, деб бутун қишлоқ биргалашиб ҳаракат қилдик”, – дейди у.

 

“Овоз йиғиш бўйича маҳалла фаоллари гузарларда ёшлар билан тўпланишиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилдик. Етарлича овоз тўпладик. Маҳалла 1986 йилда болалар боғчаси ишга тушганида асфальт бўлган эди. Очиқ майдон бўлгани учун асфальт йўқ бўлиб кетган. Лойгарчиликда ота-оналар, машиналар ҳам йўлдан ўтишда қийналишарди.

Кўчани асфальт қилиш ҳаракатида ҳокимиятларга кўп бора борганмиз. Ёшлар ўзлари ташаббус кўрсатишиб, ўзлари бир-бирини чақириб тўпланишиб овоз йиғдик. Худо хоҳласа, мана, ғолиб бўлиб 1 миллиард сўмни ютиб олибмиз.

“Ташаббусли бюджет” лойиҳасини ўйлаб топганларга раҳмат. 1 миллиард сўм катта сумма. Лойиҳа бўлмаганида, етарлича овоз тўплай олмаганимизда асфальт қилиш қаёқда эди дейсиз. Рамазон ойларида улуғ иш бўлди. Боғча болаларининг соғ-саломат йўлдан юриб келиши ота-она ҳамда барчамиз учун муҳим. Бу йил ёғингарчилик кўп бўлди. Йўл тугул ариқларда ҳам сувлар тўлиб тошиб кетди. “Ташаббусли бюджет” туфайли кўчамиз асфальт қилинадиган бўлди. Ҳаммага раҳмат”, – дейди маҳалла фаолларидан яна бири Ғанижон Қурбонов.

Ёзёвон туманининг Гастон маҳалласида ичимлик суви йўқ, электр таянчлари абгор ҳолатда эди. Спорт майдони қуришга эса маблағ йўқ эди.

“Гастон” МФЙда бир қанча муаммолар йиғилиб қолган эди. Масалан, улардан бири ичимлик суви, электр таянчлари. Спорт майдончаси қуриш учун эса маблағ йўқ эди. Ушбу лойиҳа туфайли бизга 782 миллион маблағ ажратилди. Аҳоли билан бирдамликда муаммоларни ҳал қилиш учун белгиланган маблағни ютиб олдик. Ёшлар билан биргаликда хонадонларга кириб овоз тўпладик. Туманда биринчилардан бўлиб маблағни ютиб олишга эришдик. МФЙда жами бўлиб 2 319та овоз йиғишга муваффақ бўлдик.

Спорт майдони ўрни

Давлатимиз томонидан берилган имкониятдан фойдаландик. Хонадонма-хонадон юриб, ёшлар ва кексаларни ёнимизга олиб, овоз йиғдик. Овоз йиғиш жараёни бир оз қийин бўлди. Берилган таклиф кейинчалик инсон ҳаёти турмуш-тарзининг ўзгариши учун керакли омил эканини айтганимиздан сўнг аҳоли ўзлари янада жонбозлик кўрсатишди.

Эндиликда маҳалламизга ажратилган маблағга ёпиқ спорт майдончаси қурамиз. Ичимлик суви тортилмаган кўчаларимизга 6 км лик ичимлик суви тортамиз. Электр таянчлари ўрнатамиз. Кам таъминланган 15 та хонадонни таъмирлаб берамиз”, – дейди ҳоким ёрдамчиси Дилшода Туркистонова.

Ёзёвон тумани Молия бўлими мутахассиси Аҳмаджон Рўзиматовнинг таъкидлашича, фуқаролар тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш йўлида имкониятдан фойдаланган ҳолда ўз ташаббуслари билан овоз йиғиш жараёнларида фаол иштирок этган.

“Жорий мавсумда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасига 82та туман бўйича таклиф келиб тушди. Туман бўйича 21 мингдан ортиқ овозлар йиғилди. Бу йил ўтган йилгига нисбатан икки баробарга ошганини кўрсатмоқда. Бу лойиҳага фуқароларимизнинг ишончи тобора ортиб бораётганини англатади. Лойиҳа маҳаллаларимиз инфратузилмасини яхшилашга анча ёрдам беради. Туман бўйича ҳозирда 6та таклифимиз ғолиб деб топилди.

Фуқаролар ўз ташаббуслари билан чиқиб овоз йиғиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда”, – дейди у. 

Марғилон шаҳридаги 32-умумий ўрта таълим мактабида 945 ўринли жойда 1 500 нафар ўқувчи таълим олаётгани боис таъмирлашга муҳтож эди.

“Республика  миқёсида ўтказилаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўтган йили биринчи марта тажриба бўлгани учун биз кўп ҳам қизиқмаган эканмиз. Шаҳардаги мактаблардан бири маблағ ютиб олганидан кейин бунга қизиқиш уйғонди. Давлат маблағи халқники эканига ишонч ҳосил қилдик. Бизнинг ҳам мактабимизда таъмирлашга муҳтож жойлар бор эди. Сабаби 945 ўринли жойда 1 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда. 2022 йил биринчи чорагида лойиҳамиз билан қатнашдик. 4 733та овоз тўплаб, лойиҳада ғолиб бўлдик. 

Ота-оналар, ўқитувчилар билан ҳамжиҳатликда Telegram-каналларида тарғибот ишларини олиб бордик. Халқимиз буни яхши қабул қилди. Чунки давлат берган маблағни ўзи муносиб кўрган жойга сарфлаш ғоясини ота-оналар англаб етди.

Ютиб олган маблағимиз 423 миллион. Биз бу суммага ошхонамиз кафел қисмини тўлиқ янгилаймиз. 2та синф хонасини тўлиқ таъмирдан чиқарамиз. Ва айнан шу хоналар учун замонавий ўқув жиҳозлари сотиб олмоқчимиз.

Қандай имкониятлар бўлса болалар, фарзандлар учун. Очиқ бюджетдан фойдаланмаслик бепарволик бўлади”, – дейди мактаб директори Умидахон Ёқубова.

Молия вазирлиги томонидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2022 йил 1-ярим йиллик мавсуми учун ғолиблар эълон қилинди. Мазкур лойиҳада Фарғона вилояти бўйича фуқаролар томонидан жўнатилган 2178та таклифлардан умумий қиймати 115 миллиарддан ортиқ бўлган 204та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ғолиб бўлган ташаббуслар сони бўйича Фарғона вилояти республика ҳудудлари орасида Тошкент вилоятидан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Биз жойларда бўлиб, қишлоқ аҳли давлат берган имкониятдан фойдаланган ҳолда жипслашиб, ўз муаммоларини ҳал қилиш учун курашгани сабаб етарли овоз тўплаб лойиҳада ғолиб бўлганликларига гувоҳ бўлдик.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Top