13:32 / 18.04.2022
35803

“Катта кейслар қолиб кетиши мумкин” – ўзбекистонликлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан суҳбатга чақирилувчилар сонини кўпайтиришни сўрамоқда

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 2021 йилнинг октябридан буён бор-йўғи 1431 нафар DV-2022 дастури ғолибини суҳбатга чақирган. Ҳолбуки, айнан шу даврда Қўшма Штатларнинг бошқа давлатлардаги элчихоналари бундан бир неча баробар кўпроқ одамни суҳбатдан ўтказишга улгурган.

Фото: uz.usembassy.gov

Ғолибларнинг атиги 24 фоизи суҳбатга чақирилган...

DV Lottery дастурида сўнгги беш йилда АҚШга 50 минг фуқароси иммиграция қилган давлатлардан ташқари барча давлатлар фуқаролари, жумладан, ўзбекистонликлар ҳам қатнаша олади. Ҳар йили лотереяда иштирок этганлар орасидан дунё бўйлаб 55 минг киши танлаб олинади. Грин-карта эгалари тасодифий танланади. Бериладиган визалар мамлакат ва минтақа бўйича чекланган. Ҳеч қайси мамлакатга умумий «грин-карта»нинг 7 фоизидан ортиғи берилмайди.

2022 йилда эса 6001 нафар Ўзбекистон фуқароси DV дастури ғолиби бўлган. Яъни шунча ҳамюртимиз АҚШ визаси учун талабгорлик қилмоқда. Бироқ ҳозирга қадар уларнинг 1431 нафаригина суҳбатга чақирилган. Бу жами ғолибларнинг 24 фоизини ташкил қилади.

“Агар иш шу тезликда кетса, октябргача ариза (кейс) рақами катта бўлган талабгорлар суҳбатга чақирилмаслиги, натижада у DV Lottery дастурида ғолиб бўлганига қарамай грин-карта ололмаслиги мумкин”, демоқда Kun.uz билан суҳбатда грин-карта ютган ўзбекистонликлардан бири.

Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза статистикаси (Diversity Visas Statistics) платформасидан скриншот

Маълум бўлишича, ҳозиргача 1431 кишидан фақат 1063 нафари май ойига қадар суҳбатга чақирилган. 368 нафар талабгор учун эса суҳбат куни белгиланган бўлиб, улар май ойида виза бериш масаласи ҳал бўладиган суҳбатга кириши кутилмоқда.

Суҳбатдан ўтган ўзбекистонликларнинг 567 нафаригагина виза берилган бўлса, 177 нафарининг ҳужжатлари камчиликлар ва бошқа сабабларга кўра элчихонада шубҳа уйғотгани учун маъмурий текширишга юборилган. 194 нафар талабгор виза масаласи кўриб чиқиш жараёни ва суҳбатга номаълум сабабларга кўра кела олмаган, DV-2022 дастури ғолиби бўлган 125 кишининг виза ололмаслиги маълум бўлиб улгурган, чунки суҳбатдан сўнг уларга виза бериш рад этилган.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан 2021 йилнинг октябр ойидан 2022 йилнинг феврал ойигача берилган иммиграцион ва ноиммиграцион визалар статистикаси

Шу ўринда қайд этиш керакки, қоидага кўра DV-2022 ғолибларини суҳбатга чақириш 2021 йилнинг октябридан бошланган. Бироқ АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 2021 йил 10 октябридан 2022 йилнинг 31 январигача бирорта ҳам номзодни суҳбатга чақирмаган. Бунга пандемия билан боғлиқ вазият сабаб қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки 4 ой мобайнида элчихона томонидан 3466 нафар иммиграцион ва DV-2022 дастурига алоқаси бўлмаган бошқа ноиммиграцион визалар берилган. Бу АҚШ Давлат департаментининг консуллик ишлари бюроси маълумотлари асосидаги рақамлардир.

Бироқ АҚШнинг бошқа давлатлардаги элчихоналари 2021 йилнинг октябрь, ноябрь, декабрь ҳамда 2022 йилнинг январь ойларида DV дастури ғолибларини суҳбатдан ўтказишни давом эттирган. Жумладан, октябрь–декабрь ойларида АҚШнинг Абу-Даби (БАА), Варшава (Польша), Тбилиси (Грузия), Киев (Украина), Анқара (Туркия), Олмаота (Қозоғистон) ҳамда Ереван (Арманистон)даги элчихоналари жами 65 кишини суҳбатга чақирган.

АҚШнинг турли давлатлардаги элчихоналари томонидан DV дастури ғолиблари учун белгиланган суҳбатлар статистикаси

2022 йилнинг январь ойида эса АҚШнинг Варшава, Анқара, Киев, Тбилиси, Олмаота, Ашхобод (Туркманистон), Бишкек (Қирғизистон), Сеул (Жанубий Корея) ҳамда Рига (Латвия)даги элчихоналари умумий ҳисобда 311 нафар DV-2022 дастури ғолиби учун суҳбат белгилаган. Бу рақамлар унчалик катта бўлмаслиги мумкин, аммо ушбу давлатлардаги элчихоналар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан фарқли ўлароқ вазифасига виждонан ёндашган ва грин-карта ғолибларини имкон қадар суҳбатдан ўтказишга ҳаракат қилган. Ҳар ҳолда ҳеч нарса қилмагандан кўра шу таҳсинга лойиқроқ, шундай эмасми?!

Агар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзи баёнот берганидек, октябрдан то февралгача DV дастури ғолибларини коронавирус пандемияси тарқалиши билан боғлиқ чекловлар сабабли суҳбатга чақирмаган бўлса, нега айни шу давлатнинг бошқа мамлакатлардаги элчихонаси фаолиятини давом эттирди? Ваҳоланки, пандемия бутун дунёда кузатилди ва мантиқан эпидемиологик чеклов АҚШнинг барча давлатлардаги ваколатхоналарига бирдай тааллуқли бўлиши керак эмасмиди? Ёки 4 ойлик танаффус Тошкент элчихонасининг ўзидан чиққан ташаббус эдими?

“7000 гача бўлган кейс эгалари суҳбатга чақирилган...”

Қоидага кўра, грин-карта ғолиблари маълум қилингач, улардан DS-260 шакл бўйича анкета тўлдириб юборилиши сўралади. Шундан сўнг анкета маълумотлари ва визага талабгорлар ҳужжатлари кўриб чиқилиб, суҳбат куни белгиланади.

Статистика шуни кўрсатмоқдаки, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан ҳозиргача кейс рақами 7000 гача бўлган талабгорлар суҳбатга чақирилган. Агар жараён шу маромда давом этса, июнь ойигача 9000, июлгача 11000, августгача 13000, сентябргача 16000 гача бўлган кейс эгалари суҳбатга таклиф қилиниши мумкин. Бу шунчаки прогноз холос, дейлик, қайсидир ойда суҳбатга чақирилувчилар сони камайиб кетса, бу рақамлар ҳам ўзгариб кетиши ҳеч гапмас.

Суҳбатга чақирилган DV-2022 дастури ғолибларининг кейслари таҳлили

“Даставвал элчихона катта ва кичик рақамли кейсларни аралаш чақираётганди. Шунинг учун ҳам ҳозиргача суҳбатга чақирилган кейсларнинг рақами эндигина 7 мингга борган бўлса-да, юқори рақамли кейслардан ҳам бир қанча ғолиблар суҳбатга кириб-чиқишга улгурганди. Назаримда, бу адолатдан бўлаётганди. Кейинчалик адвокатлар суҳбат кейс рақамлари бўйича белгиланмаётгани устидан шикоят қилишди ва шундан сўнг ғолиблар кейс рақамлари бўйича тартиб билан суҳбатга таклиф олмоқда. Аммо бу катта кейсли номзодларнинг зарарига ишламоқда. Элчихона бу ёғига кейс рақамларини аралаш чақира олмас экан, ҳеч бўлмаса суҳбат ўтказиладиган кунларни кўпайтириши ҳамда суҳбатга чақирилувчилар лимитини ошириши шарт. Шунда бошқаларнинг ҳуқуқлари поймол бўлмайди. Чунки кейс рақами катта ёки кичиклигидан қатъи назар барча ғолиб ва тенг ҳуқуқлидир”, дейди DV-2022 дастури ғолиби бўлган ўзбекистонлик эркак.

Маълум бўлишича, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси апрель ойида 140, май ойида эса 120 кейс эгасини оила аъзолари билан бирга суҳбатга чақирган. Ҳозиргача суҳбатга чақирилганлар сони 1431 нафар, бундан келиб чиқиб июнь-сентябрь ойида 1500 киши суҳбатга чақирилган тақдирда, грин-карта ютганларнинг 50 фоизигина виза олиши, қолган 50 фоизи эса бундай имкониятдан маҳрум бўлишини тахмин қилиш мумкин.

“Агар иш шу тарзда давом этса кўплар виза ололмайди”

DV-2022 дастури бўйича виза олиш муддати 2022 йил 30 сентябргача давом этади. Kun.uz суҳбатлашган DV-2022 дастури ғолиблари визага талабгорларни суҳбатдан ўтказиш жуда секин кечаётгани, агар барчаси шу зайлда давом этса, кўпчилик суҳбатга кира олмай визасиз қолишини таъкидламоқда.

“Биз оилавий DV-2022 ғолибларимиз. Грин-карта хўжайинимга чиққан. Кейс рақамимиз (индивидуал рўйхат рақами) 20 минглик. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси октябрдан ғолиблар ишини кўриб чиқишни бошлаши керак эди, аммо бизга ноаниқ сабабларга кўра ҳужжатларни кўриб чиқиш февраль ойидан бошланди. Бунинг устига бир ой давомида ўтказилаётган суҳбатлар сони жуда кам. Элчихона рисоладагидек ишлаган пайтида ҳар ҳафтада 2 марта суҳбат уюштирган ва кўп суҳбат белгиланган. Ҳозир эса ойига 4 кун суҳбат белгилаяпти ва ўтказилаётган суҳбатларнинг сони ҳам жуда кам. Бу кетишда кейс рақами 14-15 минг бўлган ғолибларгача ҳам навбат етиб бормаслиги мумкин.

Ўзимиз ҳақимизда маълумот берадиган бўлсам, 10 йилдан бери Россиядамиз. АҚШга кетиш азалий орзумиз. Россияда миллатчилик кучайиб бормоқда, шу сабабли бу ерда қолгимиз йўқ. Ўғлим 4-синфда ўқийди, аълочи, лекин мактабда бошқа давлатдан келган болаларга яхши баҳо қўйишни хоҳлашмайди. Мигрантларга бўлган муносабат бошқа масалаларда ҳам яққол кўринади. Россияда маҳаллий халқ вакилларининг қовоқ-тумшуғига қараб яшаш жонга тегди. АҚШда эса одам ажратиш йўқ. Қолаверса, Украинага бостириб киргани учун қўлланган халқаро санкциялар таъсирида Россияда яшаш кундан кунга қийинлашиб бормоқда. Шунча йил грин-карта ўйнаб, энди оғзимиз ошга етганда, орзумиздан маҳрум бўлишни истамаймиз. Элчихонадаги масъуллар бизни тўғри тушуниб, барча ғолибларнинг суҳбатга киришига имкон беришидан умидвормиз”, дейди шахсий сир қолишини истаган ўзбекистонлик DV-2022 ғолибларидан бири.

“2021 йил 1 октябрда DV-2022 ғолиблари элчихонага суҳбатга чақирила бошлаши керак эди. Аммо октябр, ноябр, декабр, январь – яъни тўрт ой давомида бир киши ҳам суҳбатга чақирилмади. Элчихона пандемия даврида тўпланиб қолган бошқа виза турлари бериш билан бандмиз деб баёнот берганди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Facebook’даги расмий саҳифасида грин-карта ғолибларидан бирининг саволига жавоб бериб, DV-2022 ғолиблари билан суҳбатлар ноябр ойидан йўлга қўйилишини маълум қилганди. Бироқ бундай бўлмади.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасининг Facebook’даги саҳифаси томонидан DV-2022 ғолибининг саволига берилган жавоб

Суҳбат ташкил қилинмаган ойларнинг ўрни кейинги ойларда қоплаб кетилса керак, яъни суҳбат кунлари ва суҳбатга чақирилувчилар сони бир неча баробарга кўпайтирилиб, барчага тенг шароит яратилади деб ўйлагандик. Лекин бундай бўлмаяпти. Март ойида атиги тўрт кун давомида суҳбат бўлиб ўтди. Ҳозиргача жуда кичик рақамли кейслар чақирилди. Бизнинг кейсимиз 14 мингдан юқори. Сентябргача навбат етиб келадими-йўқми, номаълум.

DV дастури ғолибларининг ҳужжатларини қайта ишлаш билан шуғулланадиган Кентукки консуллик марказига ҳам, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ҳам суҳбатларни кўпайтиришни сўраб бир неча марта e-mail орқали мурожаат қилдик. Мен ва бошқа талабгорларнинг мурожаатларимизга бир хил – “Навбатингиз келса, суҳбатга чақириласиз” деган жавоб келган. Бизнинг кейсимиз-ку 14 ва 15 минг орасида, шунга қарамай хавотирдамиз. Кейс рақами 20-21 минг бўлганлар ҳам бор, уларга навбат етиб борадими-йўқми, ҳеч ким билмайди”, дейди исми очиқланмаслигини сўраган ўзбекистонликлардан бири.

“Ҳар ой фақат 4 кун суҳбат ўтказиладиган бўлса, кўпчилик виза ололмаслиги аниқ ва бу адолатдан бўлмайди. АҚШ бутун дунёга адолатли жамияти ва қарорлари билан машҳур бўлган. Консуллик ходимларидан кейс рақамидан қатъи назар барчага тенг назар билан қаралиши, бунинг учун эса суҳбат кунлари ва суҳбатга чақирилувчилар сонини кўпайтиришларини илтимос қиламиз.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Kun.uz таҳририятининг саволларига жавобан иммиграцион визалар билан боғлиқ ишларни Давлат департаментининг устуворлик жадвалига мувофиқ кўриб чиқишни давом эттираётгани, ушбу жадвалга кўра DV визалари устуворлик бўйича энг қуйи ўринда эканини маълум қилганди. Ахир бу адолатдан эмас-ку!

Бошқа турдаги визаларнинг вақти чегараланмаган, уларни исталган вақт олиш мумкин. Лекин DV Lottery дастури орқали бериладиган визалар қатъий муддатларга эга ва агар рухсат олиш муддати ўтказиб юборилса, ариза берувчи дастур бўйича AҚШга кўчиб ўтиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин. Тўрт ой давомида суҳбат ташкил этилмаганини инобатга олиб, ҳеч бўлмаса сентябргача DV визаларга устуворлик берилса, қолган визалар бўйича аризаларни кўриб чиқиш кечиктириб ёки қисқартириб турилса, бундан жуда кўпчилик миннатдор бўларди”, – дейди аризаси кўриб чиқилишидан хавфсираб, исми сир қолишини сўраган ватандошлардан бири.

“Емаган сомсамизга пул тўлаяпмиз”

Kun.uz’га мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг фикрига кўра, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан 2021 йилнинг октябридан 2022 йилнинг февралигача DV-2022 дастури ғолибларининг ҳужжатлари кўриб чиқилмагани ва номзодларни суҳбатдан ўтказмагани DV-2021 дастури ғолибларига виза беришни тезлатишга оид суд қарори ижроси билан боғлиқ.

“Элчихона февралгача суд томонидан захирага олинган DV-2021 дастури ғолиблари ишини кўриб чиқамиз деганди ва шу билан банд бўлди. Қолаверса, билишимизча, АҚШ Давлат Департаменти ҳам Тошкентдаги элчихонасига DV-2022 дастури ғолибларини суҳбатдан ўтказишга рухсат бермади.

Кейинроқ суҳбат қачон ўтказилишини сўраб йўллаган бир қанча мурожаатларимизга ҳам элчихона консуллик бўлимидан DV-2021 дастури ғолибларининг ишини кўриб чиқиш билан бандмиз деган жавоб олдик.

Бироқ маълум бўлишича, шунча ой давомида DV-2021 дастури ғолибларининг иши ҳам жуда қойилмақом даражада кўрилмабди. Ўтган йил давомида атиги 17 та кейс бўйича суҳбат ўтказилган холос.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан DV дастури ғолибларининг ишини кўриб чиқиш статистикаси

Суд қарорига кўра DV-2021 дастури ғолибларининг ишини кўриб чиқиш учун берилган қўшимча вақт ҳисобига DV-2022 дастури ғолибларининг ҳужжатларини кўриб чиқиш 4 ойга кечикди. Натижада 2021 йилнинг октябридан 2022 йилнинг апрелигача 156 та кейс бўйича виза берилган холос.

DV-2022 дастури ғолиблари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатга кўра айбсиз айбдор бўлиб қолишди. Халқона тушунтирганда, емаган сомсамиз учун пул тўлаяпмиз. Мана шуларни инобатга олиб элчихонанинг консуллик бўлими бизга ҳам қўшимча вақт ажратиши, бунинг имкони бўлмаган тақдирда, сентябргача бўлган муддатда суҳбатлар сонини энг камида икки баробарга кўпайтириши мақсадга мувофиқ”, дейди ўзбекистонлик DV-2022 ғолиблари.

Ҳамюртларимиз АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига видеомурожаат ҳам тайёрлашган. YouTube, Facebook, Twitter, Instagram’да эълон қилинган видеомурожаатда суҳбат кунлари ва суҳбатга чақирилувчилар сонини кўпайтиришни сўрашган. Ҳозирча АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу мурожаатга ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Жамшид Ниёзов,
журналист

Top