15:56 / 19.04.2022
22633

Ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходими дислокациясини жойида талаб қилиш ҳуқуқи нега бекор қилинди?

ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz мухбирининг шу ҳақдаги саволига жавоб бермади. Унинг сўзларига кўра, “бу дегани инспектор назоратсиз қолади дегани эмас”, ЙПХ ходимлари қачон ва қаерда бўлгани уларнинг бодикамераси ва планшети ёрдамида назорат қилинади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати соҳасига оид янгиликларга бағишланган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири ҳайдовчилар ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан жойида танишиш ҳуқуқидан маҳрум бўлгани ҳақида савол берди.

ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмасини сўраб олиш тартиби қийинлаштирилди. Бунга нима сабаб бўлди? Ушбу ўзгартиришдан кейин бир ҳудудга бириктирилган ЙПХ ходими ўз ваколатини суиистеъмол қилиб бошқа ҳудудда ноқонуний фаолият олиб бормаслигига кимдир кафолат бера оладими?” – дея савол берди Kun.uz мухбири.

ИИВ ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров саволнинг бу ўзгаришга нима сабаб бўлгани ҳақидаги қисмини жавобсиз қолдирди.

“Дислокация масаласига келсак, албатта, 2021 йилда бўлган ҳолатлардан ҳаммаларингиз хабардорсизлар. Лекин бу дегани инспектор назоратсиз қолади, дегани эмас. Ҳозирги кунда инспекторлар ҳаммаси бодикамералар билан таъминланган. Бундан ташқари, қўлларида планшет бор. Бу иккита мослама орқали ходимнинг соат нечида қаерда бўлгани тўлиқ назорат остига олинган.

Буни, агар хоҳласаларингиз, амалий тадбирда ҳам кўришимиз мумкин. Бизда ситуацион марказлар ташкил этилган, ўша ерга бориб, ҳар битта ходимнинг – ҳатто Қорақалпоғистон Республикасидаги ходимнинг ҳам бодикамераси орқали қаерда қанақа хизмат олиб борилаётганини назорат қилиш имкониятига эгамиз”, – деди Эрали Бозоров.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 12 апрелдаги қарори билан, ҳайдовчилар ЙПХ ходимининг дислокацияси кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида танишиши мумкинлигига оид норма қонунчиликдан чиқариб ташланди.

Эндиликда ҳайдовчилар дислокация билан танишиш учун саф бўлимига мурожаат қилиши ва ёзма тарзда тақдим этиладиган жавобни кутиши керак бўлади.

Top