15:41 / 21.04.2022
9121

“Маънавий жасорат” — президент меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини қарамоғига олган оилаларга миннатдорчилик билдирди

Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, уларнинг тарбияланувчилари оилавий болалар уйларига олинган. Шавкат Мирзиёев 5 нафардан 10 нафаргача болани қарамоғига олган оила вакиллари билан суҳбатлашиб, улар маънавий жасорати билан ўрнак бўлаётганини айтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафарини янги ташкил этилган Кўкдала туманидан бошлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Янги туман фаоллари билан учрашувда давлат раҳбари республикада биринчилардан бўлиб Китоб туманидаги 5-сон ва Қамашидаги 4-сон Меҳрибонлик уйлари ёпилиб, уларнинг тарбияланувчилари оилавий болалар уйларига олинганини қайд этди.

Бу борада ўрнак кўрсатаётган бағрикенг қашқадарёлик оилалар, жумладан, учрашувда иштирок этган Хонимова ва Холлиевлар оиласи 10 нафар, Суюнов ва Хамидовалар оиласи 8 нафар, Алланазарова ва Тўраевлар оиласи 5 нафар ота-онаси меҳридан айрилган болаларни ўз қарамоғига олганини президент маънавий жасорат деб атаб, уларга ўз номидан ва бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик билдирди.

“Сизларнинг ҳар бирингиз менинг фарзандимсизлар. Мана, Миллий гвардия қўмондони, генерал Жўраев менинг вакилим бўлиб, ҳар бир муаммоларингизни ҳал қилади. Лекин сизларга айтадиган гапларим бор – ҳаётда ҳеч нарсага осонлик билан эришилмайди. Бугунги шиддатли замонда яхши ўқишингиз, мана шу ота-онангизнинг тарбиясини олишингиз лозим”, – деди президент болаларга қарата.

Шунингдек Шавкат Мирзиёев болаларни ўз бағрига олган-оналарга ҳам мурожаат қилди.

“Унутманг, сизлар кўп миллатли Ўзбекистон халқига намуна бўляпсизлар. Барча яхши амаллар ичида етимларнинг бошини силашнинг ажри ўзгача. Сизлар ўзбек халқига ҳайкал қўйяпсизлар, фақат у маънавий ҳайкал, меҳр-мурувват, журъат ва шижоатга ҳайкал. Мен сизлар билан фахрланаман. Бу болаларнинг келгусида олий ўқув юртларида ўқишларини ҳам таъминлаймиз”.

Давлат раҳбари болалар билан суратга тушди, ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашди ва эсдалик совғаларини топширди.

Маълумот учун, Қашқадарё вилоятидаги 14 та “Меҳрибонлик уйи”дан 10 таси ёпилган, улардаги болалар оилалар бағрига ўтказилган.

Top