11:37 / 28.04.2022
71070

Россияни «боқаётган» газ: Европа унга чеклов киритмаяпти. Ёки киритолмаяптими?

АҚШ Россиядан нефть ва газ сотиб олишни тўхтатган бир вақтда Европа иттифоқи бу ишни қила олмаяпти. Нефть эмбаргоси бўйича шу ҳафтада бир қарорга келишлари кутилмоқда, аммо газ борасида бундай деб бўлмайди. Нега Европа Россия газидан воз кеча олмаяпти? Буни хоҳламайдими ёки қила олмайдими? BBC сиёсий майдонда айни дамдаги энг муҳим мавзулардан бирини таҳлил қилди.

Фото: AFP

Бир нарсани унутмаслик керакки, АҚШ Россия газидан Европага қараганда осонроқ воз кеча олди. Чунки АҚШ дунёда энг кўп нефть ва газ қазиб олувчи давлат ҳисобланади. Россия гази ва нефти урушгача АҚШ истеъмолининг 8 фоизини ташкил этган. Европа эса собиқ иттифоқ давридан буён Россия газига боғланиб қолган. Кўҳна қитъа газ истеъмолининг 40 фоизи, нефть истеъмолининг 30 фоизини Россиядан импорт ташкил этади.

Фақатгина уруш давом этаётган даврда Европа иттифоқи давлатлари Россия гази ва нефти учун 46,5 миллиард евродан ортиқ пул тўлади. Айнан мана шу пуллар Россияга Ғарб санкцияларига дош беришга ёрдам бермоқда. Россия бюджетининг ярми айнан нефть ва газ савдосидан тўлдирилади. Россия экспорт қилинаётган газнинг 70 фоизини, нефтнинг эса 60 фоизини Европага сотади.

Айнан шу сабаб Европанинг рус нефть ва газига эмбарго (тақиқ) қўйиши уруш даврида Россияга қарши қўлланган энг кескин иқтисодий чора бўлади. Бундай тақиқ киритилиши уруш боришига боғлиқ экани айтилмоқда. Европа иттифоқи давлатлари аллақачон Россиядан кўмир сотиб олмасликка келишиб олди. Йил охирида эса Россиядан газ сотиб олиш ҳажмини учдан икки қисмга камайтирмоқчи.

Европа иттифоқи ўтган йилдаёқ «Газпром»сиз келажак режаси ҳақида бош қотиришни бошлаганди. Аммо ўшанда Россия газидан воз кечишнинг асосий сабаби глобал исиш эди. Ҳозир эса Кремль Украинага уруш очгани сабаб бу жараён ҳақида кўпроқ ўйлашмоқда. Глобал исиш муаммоси уруш билан қоришиб даҳшатли кўринишга келди ҳамки, Европа иттифоқидаги 27 давлатнинг баъзилари Россия газидан воз кеча олмаяпти. Санкция қўллаш учун эса ҳамма бир хил овоз бериши талаб қилинади.

Европа иттифоқи шу ҳафта Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакетини жорий қилиши кутилмоқда. Унда рус гази импорти ҳақида банд бўлиши қийин масала, аммо нефть эмбаргоси эълон қилиниши мумкин. Кўмир эмбаргоси каби нефть эмбаргоси ҳам ёппасига ва тезда қўлланмайди. Ҳозирча харид миқдорини аста-секин камайтириш, қўшимча божлар жорий қилиш ва танкер флотига қарши санкциялар киритиш каби чоралар ҳақида ўйлашмоқда.

Европанинг мақсади Россияни уруш учун ишлатаётган нефть ва газ пулидан маҳрум қилиш баробарида нефть ва газ нархи кўтарилиб кетишига йўл қўймаслик ҳисобланади. Чунки унча бой бўлмаган давлатлар қийналиб қолиши мумкин. Агар нарх кўтарилиб кетса, Россия оз миқдорда нефть ва газ сотиб ҳам катта фойда кўришда давом этаверади.

«Россиядан газ ва нефть импортини тақиқладик, аммо Европадан фарқли ўлароқ биз нисбатан оз миқдорда импорт қилардик. Европа томонидан жорий қилинадиган эмбаргога эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак. Бу нарх кўтарилиб кетишига олиб келиши мумкин, оқибатда барча ҳудудлар зарар кўради. Нарх кўтарилса, Россия кам сотиб ҳам ўша фойдани кўраверади», дейди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен.

Европа иттифоқи кимлардан газ ва нефть сотиб олади?

Икки йил аввалги кўрсаткичларга кўра, иттифоқ давлатлари истеъмол учун газнинг 45,35 фоизини Россиядан сотиб олади. Иккинчи энг катта улуш Норвегияга тегишли – 20,2 фоиз. Жазоирдан 11,75 фоиз газ сотиб олинади. Кейинги ўринларда АҚШ ва Қатар қайд этилган.

Иттифоқ давлатлари нефтнинг 25,1 фоизини Россиядан олади. Қозоғистон бу борада иккинчи – 8,9 фоиз. Норвегия ва Нигериядан умумий 16 фоиз нефть импорти амалга оширилади. Ҳозирда Европа иттифоқи давлатлари нефть ва газнинг 57,5 фоизини Россиядан сотиб олади. Европа истеъмол қиладиган нефть, газ, нефть маҳсулотлари ва кўмирнинг умумий ҳисобда 25 фоизи Россиядан боради.

Европа Россия нефтисиз яшай оладими?

Уруш бошлангунга қадар Россия дунё бозорига кунига ўртача 8 миллион баррел нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб берарди. Уруш бошланиши билан бу рақам 2 миллион баррелга камайди. Оқибатда нефть нархи 100 доллардан ошиб кетди. Нарх янада кўтарилиши мумкин эди, аммо Ғарб стратегик захираларидан бозорга нефть чиқариб, бунинг олдини олди. Охирги марта бундай чора 1970-йилларда араб нефтига эмбарго киритилган вақтда қўлланганди.

Агар Европа рус нефтидан тўлиқ воз кечса, бу чора ҳам ёрдам бермаслиги мумкин. Чунки Россия бу қадар катта миқдорда нефтини сотиш учун бошқа бозор топа олмайди, қолган ишлаб чиқарувчилар эса нефть қазиб олишни кўпайтирмайди. Оқибатда бозорда маҳсулот камайиб кетиб, «қора олтин»нинг 1 баррели 140 ва ҳатто 170 долларгача кўтарилиб кетиши тахмин қилинмоқда.

Bruegel тадқиқот маркази ҳисоб-китобига кўра, Европа иттифоқига Россия газидан воз кечиш қийин ва бу қимматга тушади, аммо рус кўмири ва нефтисиз амаллаш мумкин. Нефть нархи кўтарилиб кетади, лекин жаҳон бозорида Европа таклиф қиладиган пулга сотиладиган нефть топилади, дейилади тадқиқот маркази ҳисоботида.

Франция ҳукумати қошидаги Conseil d'Analyse Economique тадқиқот маркази ҳисоблашича, Россия нефти ва газига эмбарго қўйиш Европа иттифоқи иқтисодиётининг 0,2-0,3 фоизига тенг зарар келтиради. Бу ҳар бир европалик учун 100 еврога тенг дегани. Нефть эмбаргоси эса янада камроққа тушиши мумкин.

Иттифоқнинг баъзи унча бой бўлмаган давлатлари учун эса бу эмбарго бутун ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизига тенг зарар келтириши мумкин. Агар иттифоқнинг ўзига тинч давлатлари уларнинг иқтисодий жиҳатдан қўлламаса ёки санкцияларда улар учун истисно жорий қилинмаса. Словакия, Литва ҳамда Финландия деярли тўлиқ рус нефтига боғлиқ.

Венгрия ва Польша эса истеъмол учун харид қиладиган нефтининг ярмини Россиядан олади. Қитъанинг энг бой давлатларидан бўлган Германия нефть импортининг учдан бир қисмини Россия ҳисобига қоплайди. Немислар йил охиригача рус нефтини сотиб олишдан тўлиқ воз кечмоқчи, аммо ҳозир чеклов киритилишига қарши.

Bruegel ҳисоб-китобларига кўра, Европа иттифоқи давлатлари Россия нефтига эмбарго жорий қилса, бозорда кунига 5 миллион баррел нефть ва нефть маҳсулотлари камаяди. Кунлик истеъмол ҳажми эса 45 миллион баррелни ташкил этади.

Бой давлатлар бу қийинчиликни бартараф эта оладими?

Имкони бор. Франция ва АҚШ ташкил этган Ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг стратегик захиралари 1,5 миллиард баррелни ташкил этади. Яна 3 миллиард баррел хусусий омборларда турибди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мумкин. Масалан, Саудия кунига 2 миллион баррелгача, БАА ва Ироқ кунига 1 миллион баррелгача, агар санкциялар бекор қилинса, Эрон кунига 1 миллион баррелгача қазиб олишни кўпайтира олади.

Халқаро энергетика агентлигининг ҳисоблашича, нефть ва нефть маҳсулотларини тежашнинг ўзи орқали яқин 4 ой ичида 2,7 миллион баррелни иқтисод қилиш мумкин. Ташкилот бу борада 10 та банддан иборат тавсиялар рўйхатини ҳам эълон қилган. Масалан, йўлларда тезликни чеклаш, жамоат транспортидан фойдаланишни ошириш ва уйдан ишлашга рухсат бериш.

Европа Россия газисиз яшай оладими?

«Бозори анча кенг бўлган нефтдан фарқли ўлароқ газ бозори анча чекланган. Янги етказиб берувчини тезда топиш осон эмас», дейилади бир қатор обрўли иқтисодчилар имзолаган очиқ хатда. Нефть логистикаси бир қадар осон, чунки уни танкерларда ташишади. Газни эса трубалар орқали етказиб бериш керак.

Суюлтирилган газни танкерларда ташиш яқинда йўлга қўйилди ва бу бозор унчалик катта эмас. Россиядан келаётган трубадаги газни суюлтирилган газ билан алмаштириш учун бутун дунё бир йилда истеъмол қиладиган суюлтирилган газнинг учдан бир қисмини қайтадан тақсимлаш керак бўлади.

Яна бир мураккаблик шундаки, нефть каби газнинг йирик стратегик захиралари йўқ. Қазиб олиш ҳажмини ошириш учун имконият ҳам йўқ ҳисоб.

1990-йиллар ўрталарида ЕИнинг газга импортига қарамлиги 50 фоиздан қарийб 90 фоизга ошди. Бу ўсиш деярли тўлиқ Россия ҳиссасига тўғри келади. Суратда 2011 йил ноябрида «Шимолий оқим»нинг илк линияси очилишида хурсанд кулаётган Европа етакчилари.

Европа иттифоқи давлатлари ўтган йили Россиядан 155 миллиард кубометр газ сотиб олган. Иттифоқ давлатлари шу йил якунига қадар рус газининг учдан икки қисмини бошқа жойдан сотиб олиб тўлдирмоқчи. Европа иттифоқидаги оптимистик режаларга кўра, бу йўқотишларнинг 40 фоизи Россиядан бошқа давлатдан газ сотиб олиш орқали, 13 фоизини қайта тикланувчи энергия орқали қоплашмоқчи. Қолган қисми эса энергияни иқтисод қилиш орқали қопланиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, бутун иттифоқ давлатлари иситиш тизими қувватини 1 градусга туширса, энергия 10 фоиз иқтисод бўлади.

Уруш бошлангандан буён Европа иттифоқи Россиядан газ сотиб олишни камайтирмади, аксинча кўпайтирди. Биринчидан, Россия урушгача бўлгани каби газга турли чекловлар қўйишни бас қилди, иккинчидан, иттифоқ давлатлари бўшаб қолган захираларини ноябргача ҳеч бўлмаса 80 фоизга тўлдириб олмоқчи.

Қолган етказиб берувчилар эса Россия берадиган газнинг ўрнини тўлдира олмайди. Иттифоқ Норвегия, Озарбойжон, Ливия ва Жазоир мамлакатлари узилган рус газининг 6 фоизини тўлдириб беришига умид қилмоқда. Газнинг ўрнини боса оладиган бошқа энергия манбалари кўп вақт ва миллиардлаб доллар пул талаб қилади. Шамол электростанциялари қуришга камига 3 йил, АЭСлар қуришга 10 йиллаб вақт кетади.

Шу сабабли рус газидан воз кечиш йирик ишлаб чиқарувчи давлатлар, хусусан, Германияни хавотирга солмоқда. Рус газидан узилиш Германия иқтисодиётига 180 миллиард еврога тушиши мумкин. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг 5 фоизи дегани.

Эмбаргонинг қандай кўринишлари мавжуд?

Европа иттифоқи аввалига фақат Россия нефтига эмбарго киритмоқчи эди, аммо кейинчалик ишлаб чиқилган якуний «ақлли санкциялар» универсал кўриниш олиб, газга ҳам таъсир қилиши мумкин.

Санкциялар босқичма-босқич киритилиши мумкин. Масалан, марказий Европа давлатлари нефть оладиган «Дўстлик» трубали ўтказгичига нисбатан санкциялар денгиз ўтказмаларидан кейин киритилиши мумкин. Шунингдек, асосан Россиядан келадиган дизел ёнилғиси учун ҳам чекловлар кейинроқ киритилиши мумкин.

Россия нефтидан тезда, аммо қисқа муддатга воз кечишдек таваккалли чора ҳам бор. Бундай чора орқали Россия катта миқдордаги нефть харидоридан айрилишга тайёр бўлмаган ҳолда қудуқлардан «қора олтин» қазиб олишни камайтиришга мослаша олмай қолиши мумкин. Чунки нефть бир муддат қазиб олинмаса, қудуқлардаги нефть пастга қайтиб кетади. Бундай радикал чора Россия нефть қазиб олиш секторига таъсир қилади.

Яна бир чора сифатида Россия энерготашувчиларига импорт божи қўлланиши қаралмоқда. Conseil d'Analyse Economique бож 40 фоиз қилиб белгиланса, импорт 80 фоизга камайишини тахмин қилмоқда. Бундай ҳолатда Россиянинг зарарлари катта бўлади, унинг нефтига боғлиқ бўлган давлатларнинг зарари тўлиқ эмбарго ҳолатидагига қараганда 3-4 баравар кам бўлади. Франция тадқиқот марказига кўра, божларни бир ҳисоб рақамга тўплаб, уларни кейинчалик Россияга Украинани тиклашга ажратиш шарти билан қайтариш ҳам мумкин.

Россия нефтига боғлиқликнинг олдини олишга қаратилган кейинги икки чора молиявий санкциялар ҳисобланади.

Агар ЕИ грекларга Россия нефтини ташишни тақиқласа, Путиннинг ўзида етарли танкерлар топилмайди. Фото: AFP

Биринчидан, банкларга нисбатан чоралар. Россия нефть ва газ учун тўловларни санкцияга тушмаган «Газпромбанк» орқали олмоқда. У ҳозир амалда Россия Марказий банки вазифасини бажаряпти.

«Россияга энергоресурсларини экспорт қилишга имкон беришар экан, у керакли пулларни олаверади. Бу қайси банкда бўлишидан қатъи назар уни Путин назорат қилади. Марказий банк бўладими ёки «Газпромбанк»ми Путинга фарқи йўқ, асосийси жорий харажатлар ва Украинадаги уруш учун пул тушиб турса бўлди», дейди франциялик иқтисодчи Робин Буркс.

Нефть чеклови доирасида унинг савдосидан тушаётган пул Россияга етиб борадиган ҳар қандай банкка қарши санкция қўлланиши мумкин.

Молиявий чекловларнинг иккинчиси сифатида Россия нефти ортилган танкерларни суғурталашни тақиқлаш қаралмоқда. Россия флоти катта эмас ва ўз нефтини таший олмайди. Россия нефтини асосан Греция танкерлари ташиб беради.

Россия қандай жабр кўради?

Нефть ва газ экспорти Россияга санкциялар шароитида оёқда туришга имкон беради. Мамлакат асосий валюта резервларининг ярми музлатилган бўлса-да, Россия ҳар куни газ ва нефть сотиб ўзига қарши курашаётган Ғарбдан камига 1 миллиард доллар «иссиқ пул» олмоқда.

Бу йил Россия ушбу маҳсулотлар экспортидан 320 миллиард доллар пул ишлаши мумкин. Ўтган йили рекорд даражага чиққан бу кўрсаткич 120 миллиард долларга тенг бўлган. Чунки бу йил газ нархи рекорд даражада қимматлаб кетди. Фақатгина газдан келаётган пулнинг бу қадар катта бўлиши Россияга молиявий муаммоларини ёпишга имкон беради.

Бир сўз билан айтганда, Европа Россия гази ва нефтига эмбарго қўймаса, Ғарб санкциялари таъсири сезиларли бўлмай қолаверади.

Фото: AFP

Россия чеклов киритилган тақдирда газ ва нефтини бошқа давлатларга, масалан, Хитойга йўналтира оладими?

Газни – йўқ. Чунки газ Европага Ғарбий Сибирдан боради. У ердаги конлар Хитой билан боғланмаган. Шу туфайли «Сибир кучи-2» газ ўтказгичи лойиҳаси ишлаб чиқилган. Аммо уни қуриш учун кўп вақт ва пул кетади. Хитойга газ Шарқий Сибирдан етказилади.

Нефтни – ҳа, аммо бу ҳам осон бўлмайди, чунки Европага кетаётган нефтни денгиз орқали Хитойга йўналтириш учун жуда кўп танкерлар керак бўлади. Европага кетаётган нефтни Хитойга йўналтириш осон эмаслигининг яна бир сабаби шуки, бунинг учун ўн баравар кўп йўл босиб ўтиш керак. Европага кетаётган Россия нефтини Хитойга йўналтириш учун 200 та йирик сиғимли танкерларни, яъни дунё флотининг тўртдан бир қисми бўлган бундай улкан кемаларни у ёқдан бу ёққа тинимсиз судраш керак бўлади. Бунинг устига вақтнинг ярми беҳуда сарфланади.

Россия аллақачон ўз энергоресурсларига талаб тушиб кетиши каби муаммо билан юзлашиб бўлган. Россиядан чиқадиган Urals нефтига баррели учун 30 долларгача чегирма таклиф қилинмоқда. Таққослаш учун, Brent учун урушгача 2-3 доллар атрофида чегирма таклиф қилинаётганди. Талаб пасайгани сари Россия нефть қазиб олишни камайтиришга мажбур бўлади. IEA ҳисоблашича, талаб камайиб бораётгани сабаб Россия эмбаргосиз ҳам нефть қазиб олишни тўртдан бир ҳажмга қисқартиришга мажбур бўлади. Нефть ва нефть маҳсулотлари экспорти 30 фоизга қисқариши мумкин.

Эмбарго эса Россия иқтисодиётига янада жиддий зарба беради. Бу йил мамлакат иқтисоди шундоқ ҳам 10 фоизга тушиши кутилмоқда. Агар нефть ва газ эмбаргоси қўлланса. Бу ҳолда Россия Путин бошқаруви давридан буён энг чуқур иқтисодий инқироз ҳолатига тушиб қолади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top