14:10 / 01.05.2022
12717

Фостер оила тажрибаси. Етим болалар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришда қандай жиҳатларга эътибор қаратиш керак?

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 29 апрель куни эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Йиғилишда аҳолининг деярли барча эҳтиёжманд қатламлари ва гуруҳларига тўхталиб ўтилди. Хусусан, эҳтиёжманд ёшлар, етим ва ногирон болалар муаммосига ҳам.

Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ривожига эътибор қаратадиган бўлсак, борган сари собиқ иттифоқ тизимидан қолган эскилик сарқитларидан қутулиб, ривожланган давлат иш услубига яқинлашиб борилаётганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Хусусан, боқувчисини йўқотган болалар билан ишлаш тизимида ҳам шундай.

Табиатан болажон халқ бўлган ўзбекларда болалар уйлари (Детдом) деган тушунча мавжуд бўлмаган. ХХ асрнинг бошларидаги фуқаролар уруши даврида пайдо бўлган маълум миқдордаги етим ва дайди болаларни тарбиялаш мақсадида дастлабки шунақа муассасалар ташкил қилинган.

Кейинчалик, иккинчи жаҳон уруши пайтидаги эвакуация сабабли бундай муассасалар сони кескин ошган. 1941 йилда Ўзбекистондаги болалар уйлари 40 та бўлиб, 7166 нафар бола тарбияланган бўлса, 1945 йил охирида республикада 267 та болалар уйи мавжуд бўлиб, уларда 30 792 нафар бола тарбияланган. Албатта, ушбу даврда оилаларга олинган болалар сони ҳам жуда кўп бўлган, бироқ статистика айнан ушбу даврда мамлакатда болалар уйлари сони айнан ушбу даврда кескин ошганини кўрсатади.

Кейинги даврларда бу кўрсаткичлар мунтазам тушиб келди. Охирги йилларда мамлакатимизда 18 та Меҳрибонлик уйлари, 4 та болалар шаҳарчалари, 3 та SOS-болалар маҳаллари, 1 та оилавий болалар уйлари фаолият юритиб келаётган эди. Социологияда бунақа муассасалар «институтлашган» деган сўз билан аталади ва бу муассасада тарбияланаётган болалар оилалардаги болалардан кескин фарқланади. Улар ўзларига хизмат кўрсатишнинг оддий шаклларини ҳам билмайди. Содда қилиб айтганда, менинг 6-7 ёшли болам дўконга чиқиб, нон сотиб олиб кела олади ва «дўкончи опа» берган қайтимни санаб олишни ҳам билади, керак бўлса, сўраб олади. 10-12 ёшли ўғлим ер ағдариб дарахт экиш ёки қўй боқишни ва шу орқали келгусида ўзини боқишнинг бирламчи кўникмаларини ҳосил қилиб боради.

Институтлашган муассасаларда эса бунақа нарсалар ўргатилмайди, болаларнинг кийимлари ювилган, дазмолланган, тайёр бўлади. Ҳатто ошхонада овқати ва чойи столда тайёр кутиб турган бўлади. Энди бунақа муассасада тарбияланган ва вояга етиб, катта ҳаётга қадам қўйган болаларнинг ҳолатини тасаввур қилинг (сўнгги 10 йилда «Меҳрибонлик уйлари» ва «Болалар шаҳарчалари»ни уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчиларидан 610 нафарига ёки 51 фоизига уй-жой ажратилган. Шунингдек, «Меҳрибонлик уйлари» битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминланган). Аксарияти ҳаётий кўникмалари йўқлиги сабабли ўзлари қонунбузар ёки қонунбузувчилар қўлида қўғирчоққа айланиб қолар эди.

Ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратилса, бутун бошли Буюк Британияда 1 дона болалар уйи мавжуд бўлиб, унда ҳам 40-50 нафар атрофидаги ашаддий жиноятчи, тартиббузар болалар сақланар экан. Халқ тилида «детколония» деб аталадиган бундай муассасалар аҳолиси қарийб икки баробар кам бўлган Ўзбекистонда 3 та бўлган. Бу давлатларда ҳам турли сабаблар билан ота-онасидан маҳрум бўлиб қоладиган болалар бор. Бўлганда ҳам биздагидан бир неча баробар кўп. Бироқ, бу болалар тўлиқ оилаларга ёки «муқобил» шаклдаги оилаларга жойлаштирилади. Хусусан, деярли барча ривожланган давлатларда Фостер оила деган тушунча мавжуд. Бу оилалардаги ота-оналар махсус билимларга эга ва доимий малака оширишдан ўтиб турувчи профессионал ота-оналар бўлиб, боқувчисини йўқотган болалар шартнома асосида ушбу оилаларга жойлаштирилади ва давлатнинг тўлиқ назорати остида, профессионал тайёргарликдан ўтган ота-она қарамоғида тарбияланади.

Ўзбекистонда ҳам мана шунга ўхшаш тизимларни жорий қилиш лозим эди ва президент томонидан 2021 йил 9 августда қабул қилинган «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ушбу йўлдаги дастлабки қадам бўлди. Бу борада катта ислоҳотлар қилиниши аллақачонлар лозим эди ва бу масъулиятни Шавкат Мирзиёев ўз зиммасига олди.

Ўзбекистонда етим ва боқувчисини йўқотган болалар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштиришда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман:

  1. Оилаларга болаларни жойлаштиришда, ўз фарзандлари бўлмаса 4-5 тагача, оиланинг ўз фарзандлари бўлса, 2-3 тагача бериш лозим. Ундан кўп болани тарбиялашга унча-бунча одамнинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етмайди. Бунда ака-ука ва опа-сингилларнинг бир оилага жойлаштирилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим;
  2. Профессионал ота-оналарни бирлаштирувчи Фостер оилалар тизимини вужудга келтириш лозим. Ота-оналар педагогика ва ижтимоий иш соҳаларида таҳсил олган бакалаврлар орасидан танлаб олиниши ҳамда доимий равишда ушбу йўналишда малака ошириб боришлари лозим;
  3. Ўзбекистонда замонавий ижтимоий иш ходимлари тайёрлашни янада кенгайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари билан, айниқса вояга етмаган болалар билан ишлаётган барча тизимларнинг штатлар жадвалига мувофиқ «Ижтимоий иш ходими» дипломига эга шахслар ишлашлари лозим бўлган штат бирликларини киритиш керак.

Умумий хулоса сифатида шуни айтиш лозимки, улуғ айём кунларида мамлакат раҳбарининг энг катта қилган савоб ишларидан бири –видеоселекторда кўтарилган масалалар – аҳоли эҳтиёжманд қатламларига, айниқса етим болаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани жуда қувонарли ҳолдир.

А.Юнусов

Top