19:35 / 01.05.2022
22415

Самарқанддаги автокорхоналар нега йўловчи автобусларини сотишга мажбур бўлишмоқда?

Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланадиган автокорхоналар ўз автобусларини сотишга мажбур бўлишмоқда. Автобус етишмаслиги ортидан кўҳна шаҳарда айрим йўналишлар ёпилган.

Фото: Kun.uz

Йўловчи ташиш муаммоларига бағишланган матбуот анжуманида вилоят транспорт бошқармаси вакиллари келтирган маълумотлар кишини жиддий ўйлантирувчи манзаралар ҳосил қилади.

«Самарқанд шаҳрида 59 та йўловчи ташиш йўналиши бўлиб, уларнинг 18 таси бекор қилинган. Бунга сабаб жамоат ташувининг рентабеллиги жуда паст. Кўплаб автокорхоналар автобусларни кредитга олишган. Пандемия туфайли жамоат транспорти иши қарийб ярим йилга тўхтаб қолди. Давлат банк қарзларини қайтариш бўйича тўловларни кечиктириш юзасидан чоралар кўрди, бироқ молия муассасалари берилган маблағлар бўйича фоизларни ўз вақтида тўлашни талаб қилмоқда», — деди вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Эргаш Муродов.

Вилоят транспорт бошқармаси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг биринчи чорагида Самарқанд шаҳрида 560 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 380 тани ташкил қилмоқда. 180 та автобус кредит фоизларини қоплаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилган. Жамоат ташувларининг паст рентабеллилиги, банклар олдидаги қарздорлик транспортчиларни чуқур молиявий инқирозга дучор қилган.

Қайд этиш жоиз, жаҳоннинг қарийб барча давлатларида жамоат йўловчи транспорти соҳаси рентабелсиз ҳисобланади. Ташувчиларнинг кўрган зарарлари давлат субсидиялари ҳисобига қоплаб берилади. Самарқанд вилоятида ҳам маҳаллий ҳокимият транспортчиларнинг 30 фоизга яқин зарарларини қоплаб беради. Барча молиявий муаммолар ҳам шу ердан кўкарган.

Тадбиркорлар эса жамоат ташувларига пул тикишда ўзи учун истиқбол кўра олмаяпти. Шаҳар йўналишларида қўйилган электрон савдоларда иштирок этиш истагини билдирувчилар йўқ.

Бунга сабаб жамоат транспорти қатнови қулай ва барқарор эмас. Ташувчилар аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб эмас, куннинг «энг даромадли» пайтида ҳаракат қилади. Шу сабабли қатнаётган айрим линиялардаги автобусларнинг ҳаттоки ўриндиқлари олиб ташланган — кўпроқ йўловчи сиғиши учун.

Сўнгги икки йилда Самарқандда 38 та маршрут норентабеллик сабабли тўхтаган. Айни пайтда шаҳарга 300 та автобус етишмайди. Маҳаллий органлар энди бу муаммони хорижий инвестициялар ҳисобига ҳал қилишга уринмоқда. Йил охиригача Самарқанд шаҳрига 200 та электробус келтирилади, хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўлашнинг замонавий тизимларига эга йўловчи ташишнинг мутлақо янги модели ташкиллаштирилади. Лойиҳа халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилмоқда. Математик моделлаштириш ёрдамида Самарқанд агломерациясининг транспорт тизимини барқарор ривожлантириш мастер-режаси ишлаб чиқилган. Ташувларни субсидиялаш масалалари ҳам ҳал этилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Ш.Мирзиёев 29 апрел куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан таништирилди. Тақдимотда хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди.

Унга кўра, жамоат транспорти тармоғи магистрал, етказиб берувчи ва ички йўналишларга ажратилади. Ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилади. Автобуслар катта сиғимлисига алмаштирилиб, марказий кўчаларда уларнинг ҳаракати учун алоҳида йўлак ажратилади.

2022 йилда 80 та, 2023 йилда 100 та электробус олиб келинади. Бекатлар сони кўпайтирилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги таркибида Транспорт бўлими ташкил этилади. 1 июлдан бошлаб, Самарқанд вилояти бюджетидан шаҳар транспортига субсидия ажратиш йўлга қўйилади.

«Лойиҳага кўра, шаҳарда ўнта асосий ва 33 та ёрдамчи автобус йўналишлари фаолият кўрсатади. Ихчам Isuzu’лар ўрнига электр моторли, сиғими каттароқ автобусларнинг ишлатилиши «Самарқандйўловчитранс» корхонасининг ёнилғи-мойлаш материалларига сарф-харажатларини кескин камайтириш, йўловчи ташув ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имкониятини яратади», — деди вилоят Транспорт бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Шерзод Халилов.

Президентга Самарқанд шаҳрининг йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари бўйича ҳам ахборот берилди. Айтилишича, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.

Самарқанд шаҳри аҳолиси бу соҳада кескин ўзгаришларни анчадан буён кутиб юришибди. Мутасаддилар бераётган ваъдалар амалга ошадими-йўқми, мабодо ошса нечоғлик самарали бўлишини эса вақт кўрсатади.

ОАВ хабарлари асосида Ш.Шокиржонов тайёрлади.

Top