07:51 / 04.05.2022
4317

Тошкентда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланган шахслар 5 йилга қамалди

Фото: Pixabay

Кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдогарларига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

2021 йилнинг октябрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Давлат божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган Т.У. Наманган шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган М.М.дан 7504 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 45 млн сўмга сотиб олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Т.У.нинг автомашинасидан 158 дона “Тропикамид”, Чилонзор туманидаги яшаш хонадонидан эса 5617 дона “Селофен Залеплон”, 1492 дона “Тропикамид” ва 778 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган. 

Аниқланишича, Т.У.нинг буюртмасига кўра М.М. ушбу дори воситаларини ўзининг жиноий алоқалари орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан ўтказиб, Тошкент шаҳрига олиб келган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Т.У. ва М.М.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ҳукмига кўра, Т.У. ва М.М.нинг ҳар бирига нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Top