11:55 / 12.05.2022
7550

Болгария АҚШ билан «Газпром»никидан паст нархда газ етказиб бериш бўйича келишиб олди

Фото: Getty Images

Болгарияга июнь ойидан бошлаб АҚШдан суюлтирилган табиий газ етказиб берила бошлайди, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Кирил Петков. Бу газ «Газпром»никидан арзонроқ бўлади.

Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилгач, Болгария АҚШдан суюлтирилган табиий газ (СТГ) сотиб олишга рози бўлди. 

Болгария бош вазири Кирил Петков 11 май, чоршанба оқшомида Америка ёнилғисининг етказиб берилиши июнь ойида бошланиши кераклиги, унинг нархи Россиянинг «Газпром» давлат концерниникидан бироз пастроқ бўлишини айтиб ўтди.

Болгария ҳукумати раҳбарининг сўзларига кўра, АҚШдан СТГ Болгарияга денгиз орқали Греция ёки Туркия газ терминаллари орқали етказилади. Шу билан бирга, у узоқ муддатли келишув газ нархини АҚШдан биринчи газ партияларидан ҳам пастроқ қилишни назарда тутишига ишонтирди. Шунга қарамай, Петков аниқ рақамларни келтирмаган.

Апрель ойи охирида Россия Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатиб, ўз қарорини мамлакат газ учун рублда тўлашдан бош тортгани билан изоҳлади. Россия Болгариянинг газга бўлган барча эҳтиёжининг 90 фоизини таъминлаган, шунинг учун София энди ушбу энергия манбасини муқобил тарзда олишга ҳаракат қилмоқда. 

Кирил Петковнинг сўзларига кўра, Болгария Озарбойжондан ҳам газ таъминотини кутмоқда. Бундан ташқари, бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Болгария бош вазири таъкидлашича, мамлакатда газ истеъмолини чеклашнинг ҳожати бўлмаган.

Top