Товламачи йигитни сир сақланиши лозим бўлган шахсий маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ундан 3 миллион сўм талаб қилиб, пулларни олаётганда қўлга олинган.
![](https://storage.kun.uz/source/8/2TOOTuInCFSzpKD8aXOmvRdTvgzxI7Ec.jpg)
ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, жорий йил 28 апрель куни 21 ёшли Ю.Ж. вилоят ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзига нисбатан товламачилик қилмоқчи бўлаётган танишига чора кўришни сўраган.
У аризасида таниши 25 ёшли Р.М. унга туҳмат қилаётганини ва енгил табиатли аёллар билан боғлиқ муносабатлари, уларга пул сарфлаётгани тўғрисида ота-онасига хабар қилишини айтиб, Ю.Ж. учун сир сақланиши лозим бўлган шахсий маълумотларни ошкор қилиш билан уни қўрқитиб 3 миллион сўм талаб қилаётганини билдирган.
![](https://storage.kun.uz/source/8/NhcHP2Jxkk8qRYZc9kg6zbcgZiq_UDIT.jpg)
Мазкур ариза юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, Р.М. Жиззах шаҳар “Сайилжойи” МФЙ ҳудудида аризачидан талаб қилинган 3 миллион сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Р.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, товламачилик жиноятини содир этган шахс 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.