20:06 / 19.05.2022
8929

ЕИ парламенти Россия раҳбариятини Украинага ҳужум қилгани учун жавобгарликка тортишга чақирди

Европа адлия масалалари агентлиги Россиянинг Украинага қарши уруши давомида содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича суриштирув ўтказишга ёрдам беради. 

Фото: Reuters

Европарламент Россия ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий ва сиёсий раҳбариятини Украинага ҳужум қилгани учун махсус трибунал олдида жавобгарликка тортишга чақирди. Депутатлар бу борада тегишли резолюцияни қабул қилди, деб хабар берди DW.

Ҳужжатда Россиянинг Украинага ҳужумини тергов қилиш учун махсус халқаро суд ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Европарламент депутатлари ҳарбий жиноятлар, инсониятга қарши жиноятлар ҳамда геноцидни таъқиб қилиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирмоқда. Қайд этилишича, ЕИ далиллар йўқ қилинмасдан туриб барча ресурсларни тақдим этиши ва зудлик билан ҳаракат қилиши зарур. 

Европарламент шу мақсадда Европа адлия масалалари агентлигининг мандатларини кенгайтиришга розилик берди. Агентлик Россиянинг Украинага қарши уруши давомида содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича суриштирув ўтказишга ёрдам беради. 

"Россия Федерацияси 2022 йил 24 февралда Украинага қарши ҳарбий тажовуз бошлади. Украинадаги ҳозирги жанговар ҳаракатлар давомида инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятлар содир этилган ва этилмоқда деб ҳисоблаш учун етарлича асослар бор", - дейилади резолюция лойиҳасида.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top