07:40 / 25.05.2022
5422

Тошкентда суғурта полислари пулини ўзлаштирган собиқ директор ва унинг шериги аниқланди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида суғурта полислари пулини ўзлаштирган собиқ директор ва унинг шериги аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Pixabay

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, “H.S.” АЖ Тошкент вилояти филиалининг собиқ директори М.О. ва суғурта агенти С.И. томонидан қатъий ҳисобда турувчи умумий қиймати 725,3 млн сўмлик 7 775 дона суғурта полисларини мижозларга сотиб, савдодан тушган нақд пул маблағларни талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, мазкур суғурта полисларидан 14 таси йўл ҳаракати ҳодисаси содир этилганидан кейин расмийлаштирилиб, фуқароларга жами 315,4 млн сўм суғурта қопламаси ноқонуний тўлаб берилгани натижасида АЖ манфаатларига жами 1 040,7 млн сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top