13:16 / 13.06.2022
3974

Давлат органлари фаолияти очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги хабар берди.

Агентлик томонидан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 215-7-модда билан тўлдирилиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни: 

  • эълон қилмаслик;
  • тўлиқ эълон қилмаслик;
  • эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш;
  • маълумотларни нотўғри кўрсатганлик каби ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга 900 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача миқдорда жарима, худди шундай ҳуқуқбузарлик 1 йил давомида такроран содир этилганда 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача миқдорда жарима белгиланмоқда.

Ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик юзасидан баённома расмийлаштириш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади ва кўриб чиқиш учун судга юборилади.

Қонун бугун Сенатда кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди. Қонун лойиҳаси президент томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.

Top