17:13 / 24.06.2022
10463

Шерзод Шерматов Силикон водийсидаги йирик IT компаниялар билан музокаралар ўтказмоқда

Айни кунларда АҚШда бўлиб турган АКТ вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш ва ҳамкорлик масалаларида Apple, VISA, Plug and Play, Coursera каби йирик компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказмоқда. Шунингдек, вазир USAID, Жаҳон банки вакиллари ҳамда Силикон водийсидаги ватандошлар билан ҳам учрашган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

21 июн куни Шерматов АҚШ Давлат департаментининг Европа, Евросиё ва Марказий Осиёга ёрдам координатори ўринбосари Грег Наарден билан учрашган.

АКТ вазирлиги матбуот хизматидан Kun.uz'га маълум қилишларича,  учрашувда АКТ соҳасидаги Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Шерзод Шерматов ёшлар масофавий хизмат кўрсатишга жалб қилинса, мамлакат учун катта ютуқ бўлишини таъкидлаган.

21 июн куни делегация Вашингтонда VISA компанияси вакиллари билан учрашиб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, потенциал ҳамкорлик платформасини яратиш, шу жумладан, онлайн тўловлар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

“Шунингдек, АКТ вазирлиги делегацияси VISA маълумотлар марказига ҳам ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди. Меҳмонларга марказ ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, тақдимот ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожлантириш, рақамлаштириш ва технологияларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш мақсадида АКТ вазирлиги ва VISA компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди”, – дейилади маълумотда.

Делегация вакиллари Plug and Play компанияси раҳбарияти билан ҳам учрашув ўтказган. Учрашувда Plug and Play компанияси билан Ўзбекистонда BPO ва KPO хизматларини кўрсатиш учун мутахассисларни жалб қилиш, Ўзбекистонда компаниянинг ваколатхонасини очиш масалалари муҳокама қилинган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

“Шунингдек, Plug and Play Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очса, стартапларни қўллаш ва саралаш ҳамда уларнинг ўсишига ёрдам беради, катта корпорациялар билан боғлайди, венчур капитал сармояларини жалб этишга кўмаклашади. Бу каби уникал экотизим бизда ҳам ташкил этилиши ёшларимизнинг янги стартаплари орасида UNICORN даражасигача чиққан лойиҳалар бўлиши учун қўшимча имконият бўлади”, – деган вазир.

Шерзод Шерматов АҚШга ташрифи давомида Coursera компанияси раҳбарияти билан ҳам учрашиб, бир қанча келишувга эришган.

Uzbekcoders.uz платформасида БАА билан ҳамкорликда амалга оширилган “Бир миллион дастурчи” қўшма лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида энди ҳақиқий мутахассис бўлиб ўқишни давом эттирмоқчи бўлганларга Coursera билан халқаро даражада ўқитиб, сертификациялаш имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширишга келишиб олинган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Бу курсларни битирган ва сертификат олган ёшларнинг IТ компанияларда юқори даромадли ишларга қабул қилинишларига ёки фриланс орқали буюртмалар олишларига кенгроқ йўл очилади, дейилади вазирлик маълумотида.

Ўзбекистон расмийлари сафар давомида Apple компаниясининг давлат ташкилотлари билан алоқаларга масъул раҳбарлари билан ҳам учрашган.

Маълум қилинишича, учрашувда компания ва АКТ вазирлиги ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда Apple компанияси фаолиятини кенгайтириш, жорий этилаётган 5G тармоқларида iPhone'дан фойдаланиш имкониятини йўлга қўйиш ва App Store'да маҳаллий дастурчиларга имкониятларни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилган.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Компания вакилларига келгусида Ўзбекистонда ApplePay тизимини жорий этиш, Swift дастурлаш тилини оммалаштириш йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.

Шерматов бошчилигидаги делегация АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Осиё Бюроси Администратори ассистенти ўринбосари Анжали Каур билан ҳам учрашув ўтказди.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Учрашувда Америка грантлари ҳисобидан English Speaking & IT-nation қўшма дастурини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар, рақамли иқтисодиёт доирасида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистонда кенг полосали алоқани кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Жаҳон Банкининг рақамли ривожланиш котибияти директори Кристин Женвей Кианг билан учрашувда эса ҳукуматнинг «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга оширишни кенг ва узоқ муддатли қўллаб-қувватлашга оид дастур муҳокама қилинган.

“Шу билан бирга, “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” деб номланган кичик мақсадли инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш лойиҳасини ўз ичига олган ушбу асоснинг биринчи босқичини амалга оширишда Ўзбекистон учун Жаҳон банкининг Халқаро ривожланиш ассоциациясидан маблағ ажратиш бўйича ҳам фикр ва мулоҳазалар алмашилди”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Шерзод Шерматов, бундан ташқари Силикон водийсида ўқиётган ва ишлаётган ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳам норасмий учрашув ўтказган.

“Уларни имкони борича ўзбекистонлик ёшларни аутсорсинг лойиҳаларга жалб қилишга таклиф этдик. Хоразмда бўлганимда ёш дастурчилар АҚШдаги ҳамюртимиз соатига 70 доллар буюртма олиб, бизга соатига 7 доллар нархда беради деб айтиб беришганди. Ёмонлаш маъносида эмас, балки бу айнан хориждаги ҳамюртларимизга ҳам қўшимча даромад топишга имконият эканига яққол мисол.

Фото: АКТ вазирлиги матбуот хизмати

Вилоятлардаги университет талабаларига 7 доллардан соатига даромад бўлса, ойига минг доллар атрофида даромад дегани, яъни улар жон деб ишлашади ҳам қўшимча портфолио ва тажриба бўлади”, – деб ёзган АКТ вазири.

Top