11:11 / 01.07.2022
5836

АҚШ Давлат департаменти сайловларга аралашув ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди

АҚШ Давлат департаменти сайловларга аралашув, жумладан, маълумотлар базасини бузиш, нотўғри маълумотлар ва «ботофермалар» яратиш орқали иштирок этган шахслар ва компаниялар ҳақидаги маълумотлар учун 10 миллион долларгача пул таклиф қилмоқда.

Фото: Getty Images

АҚШ Давлат департаменти «Адолат учун мукофот» (RFJ) дастури доирасида Қўшма Штатлар сайловларига чет элдан аралашув ҳақида маълумот берганлар учун мукофот эълон қилди. Сайловга аралашувда била туриб иштирок этган ёки иштирок этаётган ҳар қандай хорижий шахс ёки юридик шахснинг шахсини ёки жойлашган манзилини аниқловчи маълумотлар, шунингдек «сайловга чет эл аралашуви актининг олдини олиш, тўхтатиб туриш ёки ижобий ҳал этиш»га олиб келадиган маълумотлар учун 10 миллион долларгача мукофот тўланиши мумкин, дейилади Давлат департаменти сайтида 30 июнь, пайшанба куни эълон қилинган хабарда. Гап овоз бериш натижаларини сохталаштиришга уринишлар, маълумотлар базаларини бузиш, шунингдек, дезинформация ва «ботофермалар» яратиш кампаниялари ҳақида бормоқда, дея тушунтирди АҚШ ташқи сиёсат идораси.

Апрель ойида АҚШ Давлат департаменти Россия қуролли кучлари бош штаби бош бошқармасининг 6 нафар ходими ҳақидаги маълумот учун худди шундай мукофотни таклиф қилган эди, улар 2017 йил АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги компьютерларни NotPetya дастури билан зарарлашда иштирок этган деб ҳисобланмоқда. Киберҳужумлар натижасида Пенсилваниядаги тиббиёт муассасалари ва хусусий сектордаги бир қатор Америка компаниялари қарийб 1 миллиард доллар миқдорида зарар кўрди. 2020 йил октябр ойида ҳакамлар ҳайъати олти нафар россияликка компьютер фирибгарлиги мақсадида ўзаро тил бириктирганлик бўйича айблов қўйди.

Расмий Вашингтон Россияни АҚШ президентлик сайловларига аралашувда бир неча бор айблаган. 2019 йилнинг баҳорида АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллернинг Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви бўйича тергови якунланди. Махсус прокурор Россия вакилларининг сайловолди пойгасига аралашишга уринишларини фош қилди, бироқ овоз бериш натижаларига кўра давлат раҳбари бўлган Доналд Трампнинг сайловолди штаби Россия расмийлари билан тил бириктиргани исботлай олинмади. 

2020 йилги сайловлардан сўнг Қўшма Штатлар томони яна Россия Федерациясини Трамп фойдасига овоз бериш натижасига таъсир ўтказишга уринганликда айблади. Москва сайловларга аралашиш ҳақидаги айбловларни асоссиз деб атади. 

«Адолат учун мукофот» дастури 1984 йилда бошланган. Ташкил этилганидан бери 125 дан ортиқ шахс унинг доирасида тезкор маълумот тақдим этгани учун 250 миллион доллардан кўпроқ пул олган. 

Top