23:00 / 11.07.2022
8090

Жиззах политехника институтига киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган шахс ушланди

Жиззах вилояти Зомин туманида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабарида қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Зомин туман бўлими томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Л.К. бошқа бир фуқаро Ф.ни Жиззах Политехника институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган фуқаро Ж.Х. фуқаро Д.ни Қирғизистондаги олий ўқув юртига ўқишга киритиб, кейинчалик танишлари орқали ўқишини Ўзбекистондаги олий ўқув юртига кўчириб беришни ваъда қилгани аниқланган. У хизмати эвазига 800 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top