10:19 / 24.07.2022
2553

Сурхондарёда ҳайдовчини пичоқлаб унинг машинасини тортиб олган шахс ЙТҲ содир этиб қочиб кетди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан жиноят қисқа фурсатда фош этилган ва гумондор шахс ушланган.

Фото: Getty Images

Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Шўрчи тумани ҳокимлигида туманнинг Бунёдкор маҳалласида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан судланган М.О. содир этган жиноятнинг муҳокамаси бўлиб ўтган.

Муҳокама давомида Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи Д.Қурбоновнинг маълум қилишича, М.О. Термиз шаҳрида яшовчи З.Шодиқулов бошқарувидаги Matiz машинасини тўхтатиб, машина бозорига олиб бориб қўйишини айтиб, йўлга чиқишган.

Бироз йўл юришгач, ҳайдовчи билан тортишиб қолган М.О ёнидаги хўжалик пичоғи билан ҳайдовчига ҳужум қилиб, унга оғир тан жароҳати етказган ва машинани олиб қочган.

Ҳаракатланиш давомида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги устунга бориб урилган М.О. машинани ҳодиса жойига қолдириб, ўзи қочиб кетган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан жиноят қисқа фурсатда фош этилган ва гумондор шахс ушланган.

Аввалроқ, Шўрчи туманида босқинчилик жиноятини содир этган шахсларга жиноий иш қўзғатилганди.

Top