11:31 / 27.07.2022
30585

Андижонда шифокор қабулига пичоқлар ва шуруп қотириш ускунаси билан келган шахс ушланди

Жорий йилнинг 20 июль куни соат 15:44 да Андижон шаҳар Қўриқлаш бўлимига ходимлар томонидан қўриқланаётган Чоргузар кўчаси, 12-уйда жойлашган 2-сонли туғуруқхонадан "ташвиш" хабари келиб тушган.

Фото: Миллий гвардия

Миллий гвардия хабарига кўра, тезкор гуруҳ ходимлари туғуруқхонага етиб борганида, Асака шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган фуқаро Р.Д туғуруқхона бош шифокори Қ.С.нинг хизмат хонасига кириб, эшикни ички қисмидан қулфлаб олгани аниқланган.

Қайд этилишича, Асака шаҳрида яшовчи фуқаро туғуруқ вақтида вафот этган фарзандининг ўлимида шифокорларни айблаб, бош шифокорни ўлдириш билан таҳдид қилаётгани маълум бўлган. Ходимлар ҳуқуқбузардан эшикни очишни сўраганда, у прокурорни чақиришни талаб қилган.

Воқеа жойига Андижон шаҳар ИИО ва ФМБ раҳбарлари, Андижон шаҳар прокурори етиб келиб, фуқаро Р.Д.ни эшикни очишга кўндирган. 

Тезкор гуруҳ ходимлари хонага кирганда ҳуқуқбузарнинг ёнида ўткир тиғли пичоқлар ва шуруп қотириш ускунаси борлиги аниқланган. Ушбу ҳодиса натижасида тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари Андижон шаҳар ИИБ томонидан олиб борилмоқда, дейилади МГ хабарида.

Top