09:05 / 28.07.2022
4233

Жорж Флойд иши: АҚШда икки собиқ полициячи 3 ва 3,5 йилга қамалди

Полиция ходимлари афроамерикаликка ёрдамга келмаганликда айбланмоқда, бу пайтда бошқа бир полиция ходими эркакнинг бўйнига деярли ўн дақиқа тиззаси билан ўтириб олиб, унинг бўғилиб ўлишига сабабчи бўлган.

Фото: Reuters

АҚШ округ судьяси Пол Магнюсон Миннесота штатининг Сент-Пол шаҳрида бўлиб ўтган суд мажлисида Миннеаполиснинг икки собиқ полициячиси Ту Тао ва Александр Кьенгани мос равишда 3,5 ва 3 йилга ҳукм қилди. Улар 2020 йил май ойида қўлга олиш чоғида вафот этган афроамерикалик Жорж Флойднинг фуқаролик ҳуқуқларини бузганликда айбдор деб топилди, деб хабар қилди Reuters 28 июль, пайшанба куни. Судланган полиция ходимлари - бу ишда охирги айбланувчилар. 

Тергов маълумотларига кўра, полиция ходимлари зобит Дерек Шовин деярли ўн дақиқа давомида қўлга олинган Жорж Флойднинг бўйнига тиззаси билан ўтириб олганида, унга ёрдамга келмаганликда айбдор деб топилди. 

Фото:AFP

Тергов хабарида айтилишича, Александр Кьенга Флойднинг белини босган, Ту Тао эса ўткинчиларни тарқатиш билан овора бўлган. Яна бир зобит - Томас Лейн қўлга олинган эркакнинг оёқларидан ушлаб турган.

Бир неча кун олдин суд Томас Лейнни икки ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди. 2021 йил июнь ойида Жорж Флойднинг ўлимида айбдор деб топилган собиқ полициячи Дерек Шовинга нисбатан ҳукм эълон қилинди. У 252 ой (21 йил)лик қамоқ жазосини олди. Аммо судгача Шовиннинг етти ой қамоқда ўтиргани инобатга олинса, у 20 йил-у беш ой қамоқда бўлади. 

Флойднинг ўлими ирқий камситишларга қарши оммавий норозилик намойишлари ва Black Lives Matter ( «Қора танлиларнинг ҳаёти муҳим», BLM) марказлашмаган ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Намойишлар баъзи ҳолларда тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди. Кейинчалик кўплаб бошқа мамлакатларда ҳам шунга ўхшаш намойишлар ўтказилди. 

Top