11:58 / 01.08.2022
2834

Бўстонлиқдаги интизомий бузилишлар билан курашиш учун телеграм-бот ишга туширилди

“Чорвоқ” ТРЗ дирекцияси интизомий бузилишларни аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида телеграм-бот ишга туширди.

BostonliqLIVE_bot чиқинди уюмлари, дарахтларни кесиш ва мумкин бўлмаган жойда олов ёқиш каби интизомий бузилишларни аниқлашга мўлжалланган.

Учта тилда (ўзбек, рус ва инглиз) мавжуд бўлган ботдан Бўстонлиқ туманини ривожлантириш бўйича таклифлар бериш ва шикоят юбориш учун ҳам фойдаланиш мумкин.

Гувоҳлар томонидан қолдирилган аризалар билан тегишли идоралар шуғулланади: экопрокуратура, ИИВ, экология инспекцияси, туристик полиция, Ўрмон хўжалиги қўмитаси. Ҳар бир ҳодиса тезкорлик билан кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.

Бот орқали ариза қолдириш учун интизомий бузилиш категориясини танлаш, расм ва манзилни юбориш, вазиятни қисқача таърифлаш ва қайта боғланиш учун телефон рақамини ёзиб қолдириш кифоя. Аниқланган ҳолат ёки таклиф бўйича чора кўрилганидан кейин, ариза берувчи бу ҳақида хабарнома олади.

“Туристик мавсум авжига чиққан вақтда ҳар қандай вазиятга тайёр туриш керак. Умид қиламизки, бот биз тезкорлик билан чора кўришимиз мумкин бўлган интизомий бузилиш ҳолатларини аниқлашга имкон беради. Бизнинг мақсадимиз — чиқинди уюмлари юзага келиши, дарахтлар кесилиши ва бошқа муаммоларнинг олдини олиш учун Бўстонлиқ тумани аҳолиси ва меҳмонлари билан ўзаро муносабатда бўлиш. Ушбу ботдан фойдаланиш осон ва у бор-йўғи бир неча кликда ариза юбориш имконини беради”, — дейди “Чорвоқ” ТРЗ дирекцияси раҳбарининг ўринбосари Суна Парк.

Бот “Барқарор Бўстонлиқ” йўл харитасини амалга ошириш доирасида ишга туширилди.

Top