13:46 / 02.08.2022
3518

Йил бошидан буён Тошкентдаги иккиламчи бозорда уй-жой нархи 11,3 фоизга ошди

Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи 7,1 фоизга ошди.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари 2022 йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 126 мингта шартномани ташкил этгани, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан (119 мингта) 6 фоизга кўп экани аниқланди. 

Ҳудудлар бўйича 6 ой давомида энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм (24 фоиз), Бухоро (22 фоиз), Сурхондарё (16 фоиз), Жиззах (13 фоиз), Наманган (13 фоиз), Қашқадарё (12 фоиз) ва Фарғона вилоятларида (11 фоиз) кузатилди. Шу билан бирга, кўчмас мулк бозорида тузилган битимлар сонининг нисбатан паст ўсиш суръатлари Тошкент вилояти (-7 фоиз) ва Сирдарё вилоятида (-1 фоиз) кузатилди.

Пойтахтда 2022 йилнинг биринчи ярмида тузилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони бироз кўпайди (+1 фоиз) ва 37 446 тани ташкил этди. 

Ҳисоб-китобларга кўра, иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи 2022 йилнинг биринчи ярмида 7,1 фоизга ошган (биринчи чоракда ўсиш мос равишда 1 фоиз ва иккинчи чоракда 6 фоизни ташкил этган). 

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент (15,6 фоиз), Навоий (15 фоиз), Сурхондарё (13,3 фоиз) ва Сирдарё (11,5 фоиз) вилоятларида кузатилди. Наманган (-13,3 фоиз), Самарқанд (-1,3 фоиз) вилоятларида эса нархларнинг пасайиши қайд этилди. 

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрининг иккиламчи бозорида уй-жой нархи 11,3 фоизга (биринчи чоракда 6,5 фоизга, иккинчи чоракда 4,3 фоизга) ўсди. Шу билан бирга, уй-жой нархининг ошиши барча туманларда қайд этилди, энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (18,7 фоиз), Яккасарой (16 фоиз) ва Яшнобод (14,3 фоиз) туманларида кузатилди. 

Top